Loading...
Larger font
Smaller font
Copy
Print
Contents

Улуғ Кураш

 - Contents
  • Results
  • Related
  • Featured
No results found for: "".
  • Weighted Relevancy
  • Content Sequence
  • Relevancy
  • Earliest First
  • Latest First
    Larger font
    Smaller font
    Copy
    Print
    Contents

    27-боб - Ҳозирги Кундаги Уйғониш

    Қаерда Худонинг Каломи виждонан, сидқидилдан эълон қилинган бўлса, ўша ерда унинг Илоҳийлигини исботловчи мўлкўл ҳосил келтирарди. Илоҳий Руҳ Раббий хизматкорлари ишини бошқаргани учун уларнинг сўзи қудратли эди. Гуноҳкорлар гафлатдан уйғонардилар. “Дунёга келган ҳар бир кимсага таълим бераётган нур...”, қалбнинг тубтубини ёритарди ва “кўнгилдаги барча орзулар амалга ошарди”. Дилдан қилинган тавба-тазарру уларнинг онги ва қалбини маҳв этарди. Улар гуноҳ, солиҳлик ва келажакдаги ҳукмга ишонардилар. Улар Яҳвенинг солиҳлигини англадилар, ҳамда қалбларнинг Синовчиси олдида ўзларининг гуноҳлари ва нопокликларига жавоб беришлари кераклиги фикридан чўчиб яшардилар. Азоб-уқубатда шундай савол берардилар: “Ушбу ўлик танадан ким мени қутқара олади?” Уларнинг кўз ўнгида Гўлготанинг кучқудрати, одамларнинг гуноҳи учун келтирилган беқиёс Қурбонлик тасвирининг намоён бўлишига қараб, улар қуйидагиларни тушуна бошладилар: Масиҳнинг хизматидан бошқа ҳеч нарса уларнинг қонунсизликларини текислаб юбормайди ва уларни Худо билан яраштира олмайди. Имон ва эътиқод билан улар Худонинг Қўзисини қабул қилдилар, Қўзи дунёнинг гуноҳларини Ўзига олиб, Исонинг Қони орқали “инсониятга нажот берди”.УК 401.1

    Бу қалблар “тавбанинг самарали ҳосилини” берди. Улар Худога юз тутдилар, сувда имонга киритилиб, Исо Масиҳнинг янги ижоди сифатида янги ҳаёт учун сувдан чиқдилар. Улар эндиликда ҳеч қачон “васвасага берилмасликка”, Худонинг Ўғлига бўлган ишончлари орқали Унинг кетидан боришга, хамда Унинг хулқ-атворини ўзларида намоён қилиб, У каби Илоҳий покликка интилишга ахд қилдилар. Эндилиқда улар олдин ёмон кўрганларини севдилар, олдин яхши кўрганларидан эндилиқда нафратланиб, воз кечдилар. Ўжар, ўзига ишонганлар эса камтар ва қалби итоаткор хизматкорларга, фосиқлар - солиҳларга; маст-аласт пиёнисталар - хушёрларга, фоҳишабозлар -соф, покиза инсонларга айландилар. Дунёвий ташвишлар ортда қолди. Худони қабул қилганлар учун энг муҳими “ўрилган сочлар, тақилган олтинлар, чиройли кийимлар каби ташқи зеб зийнат” эмас, балки “яширин қалблардаги ювош ва сокин руҳ сўлмайдиган ички гўзалликка, Худо олдидаги қадрли азизларга” айланди.УК 401.2

    Кириб келган уйгониш одамларни ўз қалбини ўрганишга ва итоат эттиришга мажбур қилди. Энг тантанали ва жиддий даъватлар Масиҳ улар учун Ўз Қонини тўккан гуноҳкорларга қаратилганди. Эркаклар ва аёллар ибодат қилиб, Худо билан бирга қалбларни қутқариш учун жанг қилдилар. Уйғониш даврининг натижалари ўзини курбон қилишга, Масиҳ номи учун ҳар қандай азоб-укубат ва синовлардан сабот билан ўтишга тайёр турган қалбларда намоён бўларди. Масиҳни қабул қилганларнинг ҳаётида накадар улкан ўзгаришлар юз бераётганини ҳамма кўриб турарди. Бу инсонлар жамиятга самарали таъсир кўрсатар эдилар. Улар абадий ҳаётнинг ҳузур-ҳаловатидан баҳраманд бўлиш учун, Муқаддас Руҳ билан биргалиқда уруғ экиб, Масиҳ билан бирга баракали ҳосилни йиғиб олишга ҳаракат қилардилар.УК 402.1

    Улар ҳакида шундай дейиш мумкин: “Сизлар, азбаройи Худо, хафа бўлдингизлар”. “Азбаройи Худо, келадиган хафагарчилик ўкинтирмайди, аксинча, одамларни тавбага келтириб, нажот топишига имкон яратади. Дунёда бўладиган хафагарчилик эса фақат ўлимни келтириб чиқаради. Қаранглар, айнан шу сабабли, яъни Худо сизга тақдир этган хафагарчилик сабабли ўзингизни оқлаш учун сизларда қандай ғайрат пайдо бўлди, кандай ғазаб, қандай қўрқув, қандай соғинч, кандай жонбозлик, қандай адолатпарварлик ҳосил бўлди! Ана шуларнинг ҳаммаси билан ўзингизни халолладингизлар” (2 Коринфликларга 7:9-11 ).УК 402.2

    Бу Худо Руҳи ҳаракатининг натижасидир. Ҳаётда юз бераётган ўзгаришларгина ҳақиқий тавбадан гувоҳлик беради. Агар гуноҳкор гаровни қайтариб, ўғирланган нарсаларни эгаларига берса, гуноҳларига тавба-тазарру қилиб Худо ва яқинларини севишни бошласа, ўшандагина у Худо билан ярашганига ишонч ҳосил қилиши мумкин. Ўтган даврлардаги диний уйғонишнинг самаралари ана шундай эди. Уларнинг берган самарали хосилига кўра, булар одамларни қутқариш ва бутун инсониятнинг улуғланиши учун Раббий томонидан белгиланганди.УК 402.3

    Лекин шунга ўхшаш ҳозирги кундаги уйгониш даври ўша вақтда Худонинг хизматкорлари ишини бошқарган Илоҳий ҳузур-халоват зухуридан фарқ қилади. Тўғри, оммавий қизиқиш уйғонмокда, кўплаб одамлар Худога юз тутмокдалар, жамоатларга борувчиларнинг сони тобора кўпайиб бормокда. Шундай бўлса-да, бироқ ҳақиқий руҳий ҳаёт ўсиши юз бермокда, деб айтиб бўлмайди. Нур маълум бир вақтга чақнайди, ундан кейин сўнади, зулмат янада зимистонлашади.УК 402.4

    Кўпинча диний уйғониш тасаввури ва хис-туйғуларга мурожаат этиш, одамларга хос бўлган янгиликка ва сирли жумбоқларга интилиш йўли билан эришилади. Шунга ўхшаш ҳийла-найранг йўли билан имонга келганлар Муқаддас Китоб ҳақиқатини тинглашга тоқат қила олмайдилар, пайғамбар ва ҳаворийларнинг гувоҳликларига қизиқиш билдирмайдилар. Агар тоат-ибодатда ҳаммани ҳайратга соладиган бирор бир ҳодиса юз бермаса, уларни бунга қизиқтириб бўлмайди. Дунёвий хаваслардан воз кечишга, тўғри фикрлашга даъват этувчи хабарлар уларда хайрихоҳлик уйғотмайди. Уларнинг абадий қизиқишларига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган Худо Каломининг аниқ ва равшан огоҳлантиришларини улар назарга илмайдилар.УК 403.1

    Ҳақиқатдан имонга келган ҳар бир қалб учун абадият ва Худо билан бўлган муносабатлар - бу ҳаётнинг энг муҳим омилларидир. Аммо ҳозирги даврнинг қайси таниқли жамоатларида Худога бағишлаш руҳи мавжуд? Имонга келганлар ўзларининг калондимоғлигидан ва дунёга бўлган севгиларидан воз кечмайдилар. Улар имонга келганларидан кейин ҳам ўзларининг “мен”идан воз кечишни, хочларини кўтариб камтар ва мўмин Исонинг ортидан боришни истамайдилар. Дин гумроҳлар ва итоатсизлар учун кулгу ҳамда мазах мавзусига айланиб қолди, чунки масиҳий номини олган кўплаб одамларнинг ҳаёт тарзи масиҳийлик ахлоқ қоидаларидан анчагина узоқ эди. Тақводорлик кучи кўплаб жамоатлардан қувиб чиқарилганди. Байрамлар ва кўнгилочар сайрлар, жамоат ярмаркалари ҳамда цирк томошалари, ўйинлар, дабдабали ва ҳашаматли уйлар, шахсий кўргазмалар - буларнинг ҳаммаси Худо ҳақидаги тасаввурлардан устун қўйилди. Одамлар дунёвий ташвишларга, ўз ерлару бойликларига шунчалик берилиб кетдиларки, улар учун абадий қадриятлар арзимас, кераксиз ва ўткинчидай бўлиб кўринди.УК 403.2

    Ишонч-эътиқод ва тақводорликнинг оммавий тарзда топталиб кетишига қарамасдан, барибир ана шу жамоатларда Масиҳнинг ҳақиқий издошлари ҳам бор эди. Охирзамон келиб бутун оламни Худо ҳукм қилишидан олдин, Худо халқи орасида ҳаворийлар давридан бошлаб ҳали юз бермаган тақводорлик ва муқаддасликнинг уйғониш ҳамда юксалиш даври бўлиб ўтади. Худонинг болаларига Унинг Руҳи ва куч-қудрати ёгилади. Ана шунда дунёга бўлган севги Худо ва Унинг Каломига бўлган севгини сиқиб чиқарган жамоатларни кўплаб одамлар тарк этадилар. Мана шу пайтда минглаб хизматкорлар ва оддий халқ ҳозирги даврда Худонинг иродаси билан эълон қилинаётган буюк ҳақиқатларни хурсандчилик билан қабул қилишлари учун одамларни Раббийнинг Иккинчи бор оламга қайтишига тайёрлайдилар. Бироқ инсон қалби душмани имкон қадар бундай хизматга тўсқинлик қилишга интилади; иблис ўзининг сохта найранглари билан ана шундай ҳаракатнинг бошланишига тўсқинлик қилади. Шайтон тузогига тушган жамоатларда, у гўёки Худонинг ўзгача мархаматлари аллақачон ёғилганлигига ишонтиришга интилиб ҳаракат қилади; гўёки буюк диний уйғониш даври бошлангандай бўлиб кўринади. Кўплаб одамлар Худонинг уларга нисбатан юз бераётган мўъжизавий таъсиридан қувонадилар, аслида эса буларнинг ҳаммаси иблиснинг ҳийла-найранглари, душманнинг амалга ошираётган ҳаракатлари бўлади. Диний ниқоб остида шайтон бутун масиҳий дунёга ўз таъсири ўтказишга интилади.УК 403.3

    Сўнгги ярим асрда юз берган кўплаб диний ҳаракатларда, келажакда катта-катта ҳаракатларда ўзини намоён қиладиган кучнинг у ёки бу даражасини кўриш мумкин. Кўплаб одамларни васвасага солувчи ҳис-туйғуларнинг кўтаринки руҳи авж олганини, ҳақиқат билан ёлғон қоришиб кетганини кузатишимиз мумкин. Аммо ёлғондан қочиб қутулиш мумкин. Худонинг Каломи асосида бундай ҳаракатларнинг табиатини аниқлаб олиш қийин эмас. Биз шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, одамлар Муқаддас Китоб гувоҳликларини инкор этган, ўз манфаатидан ҳамда дунёвий ҳаётдан воз кечишни талаб қилган ва қалбларни синовдан ўтказувчи аниқ ҳақиқатлардан юз ўгирилган жойларда Худонинг марҳамати бўлмайди. Aгap Масиҳнинг Ўзи берган: “Уларни меваларидан билиб оласизлар” (Матто 7:16), деган қонун-қоида қўлланилса, бундай ҳаракатлар Худонинг Руҳидан эмаслиги аён бўлади.УК 404.1

    Ўзининг Каломи ҳақиқатларида ана шу ҳақиқатларни қабул қилувчи барча одамларга Худо Ўзини очиб беради, айнан мана шу ҳақиқатлар шайтон васвасасига қарши қалқон вазифасини бажаради. Шундай ҳақиқатларни менсимаслик ҳозирги кунда диний оламда ниҳоятда тарқалиб кетган иллатларга кенг йўл очиб беради. Илоҳий Қонунининг асл моҳияти ва аҳамияти аксарият ҳолларда назардан четда қолиб кетади. Худо қонунлари табиати, мустаҳкамлиги ва қонун талабларини нотўғри тушуниш ёки тасаввур қилиш, имонга келиш ва покланиш борасида хатоликларга олиб келади, бу эса ўз-ўзидан Жамоатда тақводорликка бўлган самимий интилишни сўндиради. Тикланишга қаратилган ҳозирги давр ҳаракатларида Худо кучи ва Руҳининг йўқлиги мана шу билан изоҳланади.УК 404.2

    Ўз тақводорлиги билан машҳур бўлган турли эътиқод вакиллари мана шу далилни тан олиб, юз бераётган воқеа-ҳодисалардан афсусланадилар ва ғам-ғуссага ботадилар. Профессор Эдуард А. Парк ҳозирги замон эътиқодига хавф солувчи далиллар ҳақида гапирар экан, у қуйидагича хулосага келади: “Хавф-хатар манбаларидан бири шундаки, бизда минбарлардан туриб Худо Қонунини ваъз қилишга диққат-эътибор қаратилмайди. Олдинги даврларда минбар виждон овози бўлган... Буюк ваъзхонларимизнинг чиқишлари куч-қудратга тўлган эди, чунки уларнинг асосий эътибори Қонун, унинг амрлари ва таъқиқларига қаратилган бўлиб, улар ўз Устозларининг намунасидан ибрат олганлар. Улар икки буюк қонун-қоида ҳақида гапиришдан чарчамаганлар, жумладан: Қонун Илоҳий мукаммалликнинг ифодаси бўлган, Қонунни яхши кўрмайдиган одам Муқаддас Китобни ҳам ёмон кўради, чунки Қонун Муқаддас Китоб сингари - бу Худонинг ҳақиқий феъл-атвори намоён бўлган кўзгудир. Бу масалага бепарволик билан қараш - гуноҳнинг оғирлигига, унинг кўламига, ҳамда жирканчли моҳиятига етарлича баҳо бермасликка олиб келиши мумкин. Амр қанчалик ҳаққоний бўлса, унга риоя этмасликнинг хавфи шунчалик юқори бўлади”.УК 404.3

    Бунга эса Худонинг адолатига етарлича баҳо бера олмаслик хавфи ҳам қўшилади. Ҳозирги замон воизлари Худонинг адолатини Илоҳий марҳаматдан ажратиб кўрсатишга интиладилар, марҳаматни қонунқоида сифатида улуғлаш ўрнига, улар буни ҳис-туйғулар даражасига тенглаштириб қўядилар. Худо бирлаштирган қонун-қоидаларни ҳозирги замон мутахассислари ажратиб талқин қилишга интиладилар. Аслида Худонинг Қонунлари қандай - бу эзгуликми ёки ёвузликми? Бу эзгулик, яъни эсон-омонлик ва бахт-саодат. Шундай экан, демак, адолат ҳам яхшиликдир, чунки у Қонунларни амалга ошириш истагини билдиради. Илоҳий қонун ва адолатга, инсоният итоатсизлигининг миқёси ва даражасига етарлича баҳо бермасликка ўрганиб қолган одамлар, гуноҳларнинг эвазига келадиган нажот ҳамда марҳаматни ҳам енгил-елпи баҳолашга кўникиб қоладилар. Шундай қилиб, инсоният онгида Хушхабарнинг қадрқиммати топталади, ана ундан кейин одамлар тез орада Муқаддас Китобдан ҳам воз кечишга шай бўладилар.УК 405.1

    Кўплаб дин пешволарининг таъкидлашича, Масиҳ Ўз ўлими орқали Қонунни бекор қилган, бинобарин, одамлар қонун талабларидан озоддирлар. Шундайлар ҳам борки, улар Қонун - бу оғир юк эканлигига ишонтирадилар ва Қонунга бўйсуниш ўрнига Хушхабар инъом этган озодликни қарама-қарши қўядилар.УК 405.2

    Бироқ пайғамбар ва ҳаворийлар муқаддас Илоҳий Қонунга ўзгача муносабатда бўлганлар. Довуд шундай дейди: “Юрагим кенг бўлиб юравераман, зеро буйруқларингга кўнглим мойил” (Забур 118:45). Ҳаворий Ёқуб Масиҳнинг ўлимидан кейин Худонинг Қонунини “Шоҳ амри” ва “эрк берувчи Қонун” (Ёқуб 2:8; 1:25), деб атайди. Масиҳ хочга тортилганидан сўнг эллик йил ўтгач, “Худо буюрганларини қилганлар, ҳаёт дарахти мевасидан еб, шаҳар дарвозаларидан кириш ҳуқуқига эга бўлганлар нақадар бахтли” (Ваҳий 22:14) эканликларини айтиб, уларга марҳаматлар инъом этилишини таъкидлайди.УК 405.3

    Масиҳ Ўз ўлими орқали Отасининг Қонунларини бекор қилганлиги - ҳеч кандай асосга эга эмас. Агар Қонунни ўзгартириш ёки уни бекор қилиш имкони бўлганда эди, унда одамзодни гуноҳларига яраша бериладиган жазодан халос этиш учун Масиҳнинг ўлимига эҳтиёж ҳам бўлмасди. Қонунни бекор қилиш билан асло боғлиқ бўлмаган Масиҳ ўлими, қонуннинг ўзгармаслигини ва устиворлигини исботлайди. Худонинг Ўғли “Қонунларни улуғ ва шарафли қилмоқни истади” (Ишаё 42:21). У деди: “Мени Таврот ёки пайғамбар оятларини бекор қилгани келди, деб ўйламанглар”. “Еру осмон тугамагунча ва тақдир этилган ҳамма нарса амалга ошмагунча, Тавротдан на бир ҳарф, на бир нуқта ўчади” (Матто 5:17, 18). Ва Ўзи ҳақида У шундай дейди: “Хоҳишингни бажармоқ истайман, эй Худойим, Сенинг Қонунинг юрагимда Менинг” (Забур 39:9).УК 406.1

    Худонинг Қонуни Ўз табиатига кўра ўзгармасдир. У ўз Муаллифининг иродаси ва феъл-атворини намоён қилади. Худо севгидир, Унинг Қонуни ҳам севги. “Севиш - бутун Илоҳий Қонунни бажо келтириш билан баробардир” (Римликларга 13:10). Худонинг феъл-атвори - солиҳлик ва ҳақиқат; Унинг Қонуни табиати ҳам шундайдир. Забурчи дейди: “Сенинг адолатинг - мангу адолат, Қонунинг эса - ҳақиқатдир”, “Сенинг барча амрларинг адолатли” (Забур 118:142, 172). Ҳаворий Павлус дейди: “Қонун - муқаддасдир, ҳар бир амри ҳам муқаддас, одил ва яхшидир” (Римликларга 7:12). Худонинг донолигини ва иродасини ифодаловчи бундай қонун унинг Муаллифи сингари абадий бўлиши даркор.УК 406.2

    Худога юз тутиш ва покланиш шундай ҳаракат қиладики, одамлар Худога бўйсунадилар ва Унинг Қонуни тамойилларига кўра яшашни бошлайдилар. Олдинига инсон Худонинг суратида яратилганди. У Худонинг Қонуни ва табиати билан мутлақо монанд эди; солиҳлик қонун-қоидалари унинг қалбида муҳрланганди. Аммо гуноҳ уни Яратувчидан узоқлаштириб, ажратиб юборди. Ва инсон ўзида Илохлй тимсолни намоён қилмай қўйди. Унинг калби Худо қонунқоидаларига қарши уруш эълон қилди. “Башарий табиатнинг мурод-мақсади Худога душманликдир; чунки бундай табиат Худонинг Қонунига итоат қилмайди ҳамда қила олмайди” (Римликларга 8:7). Бироқ инсонни Худо билан яраштириш учун “Худо дунёни шунчалик севдики,ҳаттоки Ўзининг Ёлғиз Ўғлини берди”. Масиҳнинг хизмати туфайли инсон ўзининг Яратувчиси билан ўзаро монандликни тиклаш имконига эга бўлди. Унинг қалби Худонинг ҳузур-ҳаловати билан янгиланиши лозим; ҳар бир кимса юқоридан ҳадя этилган янги ҳаётни қабул қилмоғи даркор. Исонинг айтишига кўра, “инсон Худонинг Шоҳлигини” бундай ўзгаришсиз кўра олмайди. Айнан мана шундай ўзгариш - иккинчи бор туғилишдир.УК 406.3

    Худо билан ярашишга қўйилган биринчи қадам - бу гуноҳни тан олишдир. “Гуноҳ - бу қонунсизлик демакдир” ва “Илоҳий қонун инсонга ўз гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади” (1 Юҳанно 3:4; Римликларга 3:20). Гуноҳкор ўз гуноҳини англаши учун ўзини Худо солиҳлигининг буюк мезони эканлигини ҳис этиши лозим. Худонинг солиҳлиги - бу солиҳлик феълатворнинг мукаммаллигини акс эттирувчи ҳамда инсонга ўзининг камчиликларини кўришга имкон берувчи кўзгудир.УК 407.1

    Қонун инсоннинг фақатгина гуноҳларини очиб беради, лекин гуноҳлардан тамомила халос этмайди. Қонунни адо этганларга абадий ҳаёт ваъда қилинади, уни бузганларнинг қисмати - ўлим. Фақатгина Масиҳнинг Хушхабари инсонни лаънатдан ва гуноҳнинг иллатларидан озод этиши мумкин. Гуноҳкор Худонинг қонунини бузганлиги учун Унинг олдида тавба қилиши, ҳамда Масиҳга ва Унинг яраштирувчи қурбонлигига ишониши даркор. Шу йўл билан у “гуноҳларидан фориғ бўлади” ва Илоҳий борлиқ иштирокчиси бўлиб қолади. У - Худонинг фарзанди, ўғил бўлиш руҳига эга бўлади ва шундай хитоб қилади: “Тангрим Отажоним!”УК 407.2

    Ана энди у Илоҳий Қонун талабларидан озодми? Павлус дейди: “Демак, биз бу имон туфайли Илоҳий Қонунни бекор қиляпмизми?-Асло! Аксинча, Қонунни тасдиқлаяпмиз”. “Биз гуноҳ қаршисида ўлганмиз. Энди гуноҳ қилиб қандай яшайверамиз?” Юҳанно дейди: “Худони севиш - Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас” (Римликларга 3:31; 6:2; 1 Юҳанно 5:3). Қайта туғилганда қалб Худо билан, шунингдек, Унинг Қонуни билан ҳам ярашади. Гуноҳкорда бундай катта ўзгариш юз берганда, у ўлимдан - ҳаётга, гуноҳдан - муқаддасликка, ноқонунийлик ва эътироздан - итоаткорлик ва содиқликка ўтади. Худодан узоқлашиш ҳаёти якунланади; ярашиш, эътиқод ва севгига тўлиб-тошган янги ҳаёт бошланади. Ана шунда Қонуннинг солиҳлиги “танада эмас, Рухда юрганларда, яъни бизларда яшайди”. Шундан кейин биз бутун қалбимиздан шундай деймиз: “Қонунингни мен қанчалик севаман, кун бўйи у фикрхаёлимда менинг” (Забур 118:97).УК 407.3

    “Худованд Қонуни мукаммалдир, у жонга жон киритади” (Забур 18:8). Қонунсиз одамлар Худонинг поклиги ва муқаддаслиги, шунингдек, ўзининг гуноҳкорлиги ва нопоклиги ҳақида тўғри тасаввурга эга бўла олмайдилар. Улар ўзларининг гуноҳларини англамайдилар ва тавба килишга эҳтиёж сезмайдилар. Худо Қонунини бузган одамлар ҳалокатли ҳолатда эканликларини кўрмайдилар, Масиҳнинг яраштирувчи Қонига ҳам зарурат ҳис қилмайдилар. Қутқарилишга бўлган ишонч уларнинг қалбларини янгиламайди, ҳамда уларнинг ҳаётларини ҳам ўзгартирмайди. Ана шундай юзаки имонга келиш оммавий ва оддий ҳодисага айланиб қолди, Масиҳ билан мулоқотда бўлмаган кўпчилик одамлар кўркўрона Жамоатга қўшилиб олардилар.УК 407.4

    Оқланишнинг сохта назариялари натижасида Худо қонунини инкор этиш ёки писанд қилмаслик ҳолати ҳам ҳозирги кундаги дииий ҳаракатларда муҳим ўрин эгаллайди. Бу назариялар ақидавий муносабатларда нотўғри ҳисобланиб, унинг амалий оқибатлари эса ниҳоятда хавфлидир; бундай ҳолатнинг одамлар томонидан қизғин кутиб олиниши, бу масалада Битик таълимотини тушунтиришга қатъий эҳтиёж зарурлиги талаб этилади.УК 408.1

    Ҳақиқий оқланиш - бу Муқаддас Китоб таълимотидир. Ҳаворий Павлус ўзининг Салоникаликларгa мактубида шундай ёзган: “Худонинг иродаси шу: муқаддас бўлинглар”, ҳамда ҳаворий улар учун қуйидагича ибодат қилди: “Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларни бутунлай муқаддас қилсин” (1 Салоникаликларга 4:3; 5:23). Муқаддас бўлиш нима дегани ва унга қандай эришиш мумкинлиги Муқаддас Китобда аниқ ва равшан қилиб тушунтириб берилган. Қутқарувчи Ўз уммати учун шундай ибодат қилган: “Уларни ҳақиқатинг билан муқаддас қилгин. Сенинг каломинг - ҳақиқатдир” (Юҳанно 17:17). Барча имонлилар Муқаддас Руҳ орқали муқаддас бўлишлари кераклигини ҳаворий Павлус айтган (қаранг: Римликларга 15:16). Муқаддас Руҳнинг хизмати нимадан иборат? Исо Ўз шогирдларига шундай деган: “Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди” (Юҳанно 16:13). Забурчи дейди: “Қонун - ҳақиқатдир”. Худонинг Каломи ва Руҳи туфайли одамларга Унинг Қонунида намоён этилган солиҳликнинг буюк қонунқоидалари очиб берилади. Худонинг Қонуни “муқаддас, одил ва яхши” бўлиб, Илоҳий мукаммалликни акс эттиргани учун, мана шу Қонунга итоат этиш асосида шаклланган феъл-атвор ҳам муқаддас бўлади. Масиҳ мана шундай феъл-атворнинг яққол Намунасидир. Масиҳ дейди: “Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг муҳаббатига содиқ қолганман”. “Мен ҳар доим Отамга маъқул бўлган ишларни қиламан”. Масиҳнинг издошлари Ундан ўрнак олишлари даркор; улар Худонинг марҳамати туфайли Унинг муқаддас Қонуни талабларига биноан ўз феъл-атворларини шунга монанд тарзда шакллантиришлари керак. Мана шу Муқаддас Китоб бўйича мукаддаслаштирилишдир.УК 408.2

    Бу эса фақатгина Масиҳга бўлган ишонч, бизнинг вужудимизда яшаётган Илоҳий Руҳ кучи туфайли амалга ошиши мумкин. Павлус имонлиларни шунга даъват этади: “Қўрқув ва титроқ билан топган нажотингизни бут қилишга тиришинглар, зотан Худонинг Ўзи сизларнинг вужудингизда амал қилади, У Ўз мурод-мақсадини адо этишингиз учун сизларда хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради” (Филиппиликларга 2:12, 13). Гуноҳ масиҳийни васвасага солади, аммо у мунтазам равишда васвасага қарши курашади. Ана шунда Масиҳнинг ёрдами керак бўлади. Инсоний заифлик Илоҳий куч билан бирлашади ва гуноҳкор ишонч ила шундай дейди: “Худога шукр! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба бахш этган!” (1 Коринфликларга 15:57).УК 409.1

    Битикда аниқ айтилишича, оқланиш хизмати - бу узлуксиз, олға интиладиган жараён. Имонга келган гуноҳкор нажот берувчи Қон орқали Худо билан ярашганда, масиҳийча ҳаёт эндигина бошланади. Эндиликда у мукаммалликка интилиб, “Масиҳ каби мўлжалга етиб олиш учун жон куйдиради”. Павлус дейди: “Орқамда қолганларни унутиб, олдимдагиларга кўз тикаман, Худо Исо Масиҳ орқали мени олий мақсадга чорлади” (Филиппиликларга 3:13, 14). Муқаддас Китобга кўра, муқаддасликка эришиш йўлида Петр бизга бир неча босқичлардан ўтишимиз кераклигини айтади: “Буларни назарда тутиб, имонингизни бут қилишга жон куйдиринглар. Шундай қилиб, имонингиз устига фазл-камолотга эга бўлинглар. Фазл-камолотингиз устига онг-билимга эга бўлинглар. Онг-билимингиз устига нафсни тийишни ўрганинглар. Нафсни тийиш устига сабр-тоқатли бўлинглар. Сабр-тоқатингиз устига диёнатга эга бўлинглар. Диёнатли бўлиш устига биродарларингизни севинглар. Биродарсеварлик устига тугал муҳаббатга эга бўлинглар... Бу йўлни тутсангиз, ҳеч вақт қоқинмайсизлар” (2 Петр 1:5-10).УК 409.2

    Ўз тажрибаларида Муқаддас Китобга кўра муқаддасликка эришганлар ҳар қандай ҳолатда итоаткорлик руҳини намоён қиладилар. Мусо сингари улар муқаддаслик қудратининг таъсирчан иззат-икромини кўрдилар, буюк Зотнинг олий даражадаги мукаммаллиги ва поклиги билан солиштирилганда, улар ўзларининг номуносиб хулқатворларини англадилар.УК 409.3

    Пайгамбар Дониёр ҳақиқий муқаддаслик намунасидир. Унинг узоқ ҳаёти ўзининг Яратувчисига нисбатан бўлган улуғвор хизмати билан тўлиб-тошганди. У Худонинг суюкли бандаси бўлган (қаранг: Дониёр 10:11). Ўзининг поклиги ва муқаддаслиги билан мағрурланиш ўрнига бу муҳтарам пайғамбар ўзини гуноҳкор Исроил билан бир қаторга қўяди ва ўз халқини ҳимоя қилишини Худодан сўрайди: “Эй Худойим, қулоқ солиб нолаларимизни эшитгин! Биз Сенинг марҳаматингга лойиқ бўлмасак-да, Узингнинг чексиз раҳмдиллигинг туфайли бизга шафқат қил”. “Биз гуноҳ қилдик, қабиҳликка қўл урдик”. Дониёр тўғридан-тўғри дейди: “Мен тоат-ибодатда бўлиб, ўзимнинг гуноҳларим ва халқим Исроилнинг гуноҳлари учун тавба қилдим”. Худонинг Ўғли унга панднасиҳатлар қилгани келганида, Дониёр деди: “Ўша ажойиб ваҳийни кўраётганимда қувватсизланиб, афт-ангорим таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетганини сездим” (Дониёр 9:18, 15, 20; 10:8).УК 409.4

    Аюб кучли шамол орасида Худонинг овозини эшитганда, у деди: “Энди айтганларимни қайтиб оламан, бошимга тупроғу кул сочиб, тавба қиламан” (Аюб 42:6). Ишаё Худонинг куч-қудратини кўриб, карубларнинг: “Муқаддасдир, муқаддасдир, муқаддасдир Сарвари Олам!” деган овозларини эшитгандан кейин, у шундай хитоб қилди: “Шўрим қурсин! Ўлдим энди. Ахир, мен оғзи нопок бир одамман” (Ишаё 6:3, 5). Павлус учинчи осмонгача кўтарилиб, инсонга айтиб бўлмайдиган гапларни эшитгандан кейин, у ўзи ҳақида шундай деган: “Мен барча азизлар орасида энг арзимагани эдим” (Эфесликларга 3:8). Исонинг кўкрагига бир неча бор бошини қўйган ва Унинг шуҳратини кўрган севимли Юҳанно, фариштанинг оёқлари остига жонсиз каби йиқилди (қаранг: Ваҳий 1:17).УК 410.1

    Гўлгота хочи соясида яшаётганлар ҳеч қачон мағрурлик ҳис-туйғусига берилиб кетмайдилар, ҳамда мақтанганларича ўзларини гуноҳдан озод деб ҳисобламайдилар. Уларнинг гуноҳи Худонинг Ўғлига қанчалик азобуқубат етказиб, Унинг қалбини тилка-пора қилганини улар англадилар. Бундай фикр-хаёл эса уларни янада баттарроқ камситилишга олиб келади. Одам Масиҳга қанчалик яқин бўлса, шунчалик инсониятнинг гуноҳкорлигини аниқ кўради, у фақатгина хочга тортилган ва қайта тирилган Нажоткорнинг хизматига ишонади.УК 410.2

    Ҳозирги замон дин оламида тобора кенг тарқалиб бораётган оқланишнинг ўша тушунчаси Хушхабар эътиқодига ёт бўлган тасаввур каби Худонинг Қонунини менсимай, манманлик руҳи ва ҳистуйғуларига сингиб кетган. Ушбу назария ҳимоячиларининг таълим беришича, оқланиш - бу бир марта содир бўладиган жараён, бунда инсон фақатгина ишонч-эътиқод ёрдамида мукаммал муқаддасликка эришади. “Фақатгина ишонинг, - дейди улар, - ана шунда марҳаматга эга бўласиз”. Уларнинг фикрича, марҳамат олувчидан келажакда бирор бир ҳаракат бошқа талаб қилинмайди. Шу билан бирга, улар Худо Қонуни нуфузини инкор этадилар ва амрларга риоя қилиш зарур эмаслигини таъкидлайдилар. Arap инсон Худонинг табиати ва Унинг иродасини ифодаловчи ва Унга нима маъкул эканлигини кўрсатиб турувчи қонун-қоидаларни менсимаса, бу ҳолда Раббийга ва Унинг феълатворига хос бўлган муқаддасликка эриша оладими?УК 410.3

    Курашишни, ўзидан ва дунёвий ҳаётдан воз кечишни талаб этмайдиган, қулай ва енгил эътиқодга бўйсуниш истаги - ишонч туфайли, факатгина имони туфайли инсон қутқарилиши, муқаддас бўлиши ва ҳузур-ҳаловатга осонгина эришиши мумкинлиги ҳақидаги таълимотни келтириб чиқарди. Бундай таълимот ниҳоятда маълум ва машҳур, аммо Худонинг Каломи бу борада қандай фикрда? Ҳаворий Ёқуб дейди: “Эй биродарларим, агар бирор киши имони борлигини айтса-ю, хайрли ишлар қилмаса, нима фойдаси бор? Бундай имон уни Худо ғазабидан қутқарармикин?.. Эй ақлсиз одам, савобсиз имоннинг фойдасиз эканлигини биласанми? Отамиз Иброҳим ўғли Исҳоқни қурбон қилмоқчи бўлганида, ўз савоблари туфайли оқланган-ку! Кўряпсанми? Унинг имонига савоблари омил бўлган. Имони савоблари билан такомиллашган... Кўряпсизларки, инсон фақат имони туфайлигина эмас, балки савоблари туфайли ҳам оқланади” (Ёқуб 2:14-24).УК 411.1

    Худонинг Каломи хайрли ишларсиз имон ҳақидаги сохта таълимотга қарши гувоҳлик беради. Осмоннинг хайрихоҳлигига даъвогарлик килган ва шу билан бир вақтда ҳузур-халоват инъом қилинадиган шартларга бўйсунмайдиган имон - у асло имон эмас, балки ўзига ортиқ даражада ишонишдир; зеро ҳақиқий имон Муқаддас Битик талабларига асосланади.УК 411.2

    Ҳеч ким ўзини ўзи алдамасин - Худо қонун-қоидаларининг бирортасига амал қилмасдан ёки ана шу қонун-қоидаларни тушуниб турган ҳолда, уларга риоя қилмасдан туриб оқланишнинг иложи йўқ. Атайлаб қилинган гунох Муқаддас Руҳнинг қораловчи овозини ўчиради ва қалбни Худодан айиради. “Гунох - бу қонунсизлик демакдир”. “Ким гуноҳ қилиб юрса, Масиҳни кўрмаган ҳам, танимаган ҳам” (1 Юханно 3:6). Гарчи Юҳанно ўзининг мактубларида мухаббат ҳақида жуда кўп ёзган бўлса-да, бирок мукаддасликка даъвогарлик қилиб, шу билан бирга, Худонинг Қонунини бузаётган ҳар бир кимсанинг ҳақиқий феъл-атворини фош қилиб ташлайди. “Исо Масиҳни биламан деб туриб, Унинг амрларига риоя қилмаган киши ёлғончи бўлади, унда ҳақиқат йўқ. Кимки Масиҳнинг каломига риоя қилса, у кишида Худонинг севгиси ҳақиқатан камолга етган бўлади” (1 Юҳанно 2:4, 5). Бу ерда ҳам ҳар бир кимсанинг имони синалади. Осмонда ҳам ердаги каби муқаддасликнинг ягона мезони орқали синовдан ўтмагунча, инсоннинг оқланганлиги ҳақида гaп ҳам бўлиши мумкин эмас. Илохий Қонун олдида етарли даражада ўз масъулиятини ҳис қилмаганлар, Худонинг амрларини камситиб ерга урганлар, бу амрларнинг бирортасига бўлса ҳам риоя қилмаган ва бошқаларни шунга ўргатган одамлар - Рабийнинг марҳаматига умидвор бўлишга ҳақли эмаслар. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, уларнинг даъволари ҳар қандай асосдан маҳрум бўлган.УК 411.3

    Узини бегуноҳ ҳисоблаган одам, ана шу билан муқаддасликдан узоқ эканлигини намойиш этади. Худонинг чексиз поклиги ва муқаддаслиги, Раббий билан тинч-тотув яшаётганлар қандай бўлиши кераклигини билмаган ёки ҳақиқий тасаввурга эга бўлмаган одамларгина ўзларини оқланган деб ҳисоблашлари мумкин, чунки уларда Масиҳнинг поклиги ва Унинг буюк муҳаббати, гуноҳнинг ҳийла ва ахлоқсизлиги ҳақида тўғри тушунча йўқ. Инсон ва Масиҳ ўртасидаги масофа қанчалик узоқ бўлиб, Раббийнинг моҳияти ва талаблари ҳақидаги тушунчалар қанчалик такомиллашмаган бўлса, инсон ўзига шунчалик солиҳ бўлиб кўринаверади.УК 412.1

    Муқаддас Битикнинг оқланиш ҳақидаги айтганлари бутун инсоний мавжудот - руҳ, жон ва танага тааллуқлидир. Павлус салоникаликларга шундай насиҳат қилган: “Раббимиз Исо Масиҳ келгунча, бутун руҳингиз, жонингиз ва танангиз бенуқсон сақлансин” (1 Салоникаликларга 5:23). Имонлиларга у яна қуйидагича мурожаат қилади: “Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман: Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар” (Римликларга 12:1). Қадимги Исроилда Худога аталган ҳар бир қурбонлик синчиклаб текшириларди. Қурбонликка аталган жониворда бирор бир нуқсон аниқланса, у қурбонликка яроқсиз деб топиларди, чунки Худо қурбонликнинг “нуқсонсизини” талаб қиларди. Худди шу сингари имонлилар ҳам ўз таналарини “қурбонликка тирик, муқаддас ва Худога манзур бўладиган қилиб бағишлашлари” керак. Шунинг учун инсон ўзини пок, бенуқсон сақлаши лозим. Жисмоний ва ақлий кучни заифлаштирадиган ҳар қандай салбий одат инсонни Яратувчига хизмат кўрсатишга нолойиқ қилади. Биз Худога энг зўр хизматни тақдим эта олсак, У арзимас хизматга қаноат қила оладими? Масиҳ дейди: “Раббинг Худони бутун қалбинг билан севгин”. Худони чин дилдан севганлар ўз ҳаётлари орқали Унга энг яхши хизмат кўрсатишга интиладилар ва ўзларининг бутун вужудлари билан Унинг қонунларига мослашишга, ҳамда Унинг иродасини бажаришга ҳаракат қиладилар. Худони севувчи баднафсликка ёки эҳтироснинг устун келишига, Самовий Отага келтириши керак бўлган қурбонликнинг таҳқирланишига йўл қўймайди.УК 412.2

    Бутрус дейди: “Сизлардан ўтиниб сўрайман... жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сакланинглар” (1 Бутрус 2:11). Гуноҳли хоҳиш-истакларни қондириш - руҳий ва ақлий иқтидорни заифлаштиради, зеҳнни эса ўтмаслаштиради, ана шунда Худонинг Каломи ёки Муқаддас Руҳ қалбларга кераклича таъсир кўрсата олмайди. Павлус коринфликларга шундай дейди: “Эй севикли биродарларим, бадан ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай мурдорликдан ўзимизни тозалаб, Худодан қўрқиб яшаб, бутунлай муқаддас бўлайлик” (2 Коринфликларга 7:1). Илоҳий Руҳнинг самарасигa эса - “муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садокат, мулойим ва ибога” у “сабр-қаноатни” қўшиб қўяди (Галатияликларга 5:22, 23).УК 413.1

    Ушбу руҳлантирувчи сўзларни эътиборсиз қолдирган канчаданқанча масиҳийлар бугунги кунда бойлик орттириш мақсадида ёки ҳозирги замон модаси ортидан қувиб ўзларининг соғликларига путур етказмоқдалар! Ўзларидаги Худонинг тимсолини нафс балоси, ичкиликлар ва кўнгилхушликлар билан қанчалик таҳқирлайдилар. Жамоат эса бу иллатларга танбеҳ бериш ўрнига, нафс балосига, очкўзликка ва Масиҳга бўлган севги тўлдириши мумкин бўлган ўз хазиналарини ўткинчи нарсалар билан бойитишга даъват қилиб, кўпинча уларни қўллаб-қувватларди. Aгap Исо ҳозирги замон жамоатларига кириб у ерда юз бераётган кўнгилхушликларни, ёки сиртидан ўзларини гўёки тақводор қилиб кўрсатиб, аслида бетавфиқ олдисотди билан шуғулланаётганларини кўрганда эди, качонлардир маъбадда пулларни алмаштириб, катта судхўрлик қилаётган саррофларни қувиб чиқаргани каби, уларни ҳам қувиб чиқармасмиди?УК 413.2

    “Юқоридан берилган донолик”, дейди ҳаворий Павлус, биринчидан, покдир. Arap тамаки хиди сингиб, ҳавони тутундан заҳарлаб, атрофдагиларни ана шу захарланган ҳаводан нафас олишга мажбур қилаётган чекувчини Павлус кўрганда, ёки Исонинг номини тамаки билан булғанган оғиздан чиққанини агар у эшитганда эди, ёхуд Хушхабарнинг поклигига қарши чиқувчи одатгa aгap ҳаворий дуч келганда эди, наҳотки Павлус бундай ҳолатни “дунёвий, руҳий ва иблисона” иллат сифатида ҳукм қилмайди? Агар тамаки қуллари тўлиқ покланишни ўйлаб, арши аълога киришга ишонсалар, улар катта хато қилган бўладилар. Чунки Худонинг Каломи дейди: “Ҳеч қандай мурдор нарса, ҳеч бир разил ёки ёлғончи киши унга кирмайди” (Ваҳий 21:27).УК 413.3

    “Наҳот билмасангиз? Сизнинг баданингиз ўзингизда яшаётган Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Уии сизга Худо берган, сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар. Қиммат баҳо билан сотиб олиндингизлар. Шунинг учун баданингиз ва руҳингиз билан Худони улуғланглар. Чунки сизлар Худога тегишлисиз” (1 Коринфликларга 6:19, 20). Кимнинг танаси Муқаддас Руҳ маъбади бўлса, ёмон одатларнинг қулига айланмайди. У барча кучини уни Масиҳнинг қиммат баҳо Қони эвазига сотиб олган Зотга бағишлайди. Унга нимаики тегишли бўлса, шуларнинг ҳаммаси Раббийга ҳам тегишлидир. Агар инсонга ишониб топширилган пулни у бекордан-бекорга совурса, қандай қилиб у бегуноҳ бўлиши мумкин? Ўзларини масиҳийлар деб атаган кўплаб одамлар ҳар йили ниҳоятда катта микдордаги пулларни зарарли ва беҳуда кўнгилхушликларга сарфлайдилар, айни шу пайтда уларнинг қалблари ҳаёт каломини эшитмай ҳалок бўлаверади. Камбагал, бева-бечораларга ва Хушхабарни тарқатиш учун арзимас хайр-садақа бериб, ўзларининг ахлоқсиз истакларини қондириш мақсадида айш-ишрат қурбонгоҳида кўплаб маблағларнинг кулини кўкка совурадилар, ҳамда Худога атаб берилиши керак бўлган даромаднинг ўндан бири миқдоридаги ушрни олиб қолиб, ўзлаштириб юборадилар. Узларини Масиҳнинг издошлари деб атаганлар агар ўз маблағларини фойдасиз ва зарарли машғулотларга сарфламай, Раббийнинг хазинасига берганларида эди, бундай масиҳийлар ўзидан воз кечиш ва сабр-қаноатнинг тимсоли сифатида ҳаммага сабоқ бўлар эдилар! Ана шунда улар оламнинг нурига айланардилар.УК 413.4

    Бутун дунё айш-ишрат ва ҳузурҳаловатнинг кетидан қувди. Кўплаб одамларнинг онгини “тана нафси, кўз нафси ва тирикчилик ташвишлари” бошқарди, уларнинг қалбида мана шундай ёвуз кучлар ҳукмронлик қилди. Аммо Масиҳнинг издошларига қуйидагича муқаддас мурожаат қилинди: “Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар, нопокка эса қўл тегизманглар”. Худонинг Каломига асосланган ҳолда биз тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, инсон ўзининг гуноҳли одатларидан ва дунёвий лаззатларидан тамомила воз кечмас экан, у ҳақиқий покликка ҳеч қачон эриша олмайди.УК 414.1

    Кимки қуйидагича қўйилган шартларга - “уларнинг орасидан чиқишга, улардан айрилишга ва нопокка қўл тегизмасликка” рози бўлса, уларга Худо шундай ваъда беради: “Мен сизларга Ота бўлурман, сизлар эса Менга ўғилу қиз бўлурсиз, - дейди Худованд, Сарвари коинот” (2 Коринфликларга 6:17, 18). Ҳар бир масиҳий тўлиқ ва маъноли руҳий ҳаёт кечириш имкони ва бурчига эга. “Мен оламнинг нуриман, - дейди Исо, - кимки Менга эргашса, зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади” (Юҳанно 8:12). “Солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди, тонг кун чиққунча ёришаверади” (Ҳикматлар 4:18). Ишонч ва итоаткорликнинг ҳар бир қадами қалбни “зулмати йўқ” ҳаёт Нурига яқиилаштираверади. Солиҳлик Қуёшининг нурлари Худо қуллари йўлини ёритади, улар ҳам Худонинг нурини акс эттиришлари лозим. Юлдузлар осмонда ўзлари акс эттириб турган буюк нурнинг мавжудлигини тасдиқлагани сингари, ҳамду санога ва тақлидга лойиқ бўлган Худо бутун Оламга ҳукмронлик қилишга ҳақли эканлигини масиҳийлар ҳам исботлашлари лозим. Худо Руҳининг яхши фазилатлари ва Унинг феъл-атворининг муқаддаслиги Унинг гувоҳларида намоён бўлиши керак.УК 414.2

    Павлус ўзининг Колосаликларгa мактубида Худонинг болаларига ваъда қилинган саҳоватли марҳаматлар ҳақида гапиради. У шундай ёзади: “Шунинг учун биз бу ҳақда эшитган кунимиздан бери сизлар учун ибодат қилишни канда қилмаяпмиз. Худодан шуни сўраймизки, Унинг иродасини тўла англашингиз учун Ўзи сизларгa ҳар қандай илоҳий ҳикмат ва фаҳм-идрок ато қилсин, токи сизлар Раббингизга муносиб яшаб, Уни ҳар жиҳатдан мамнун қилинглар, ҳар турли хайрли ишда самарали бўлинглар, Худони таниб-билиб улғайинглар, Унинг улуғвор кучқудратидан баҳра олиб, тўла-тўкис бақувват бўлинглар, ҳамма нарсага сабр-тоқат ва севинч билан чидаб, Отамиз Худога шукрона қилинглар” (Колосаликларга 1:9-11).УК 415.1

    Худди шу сингари у эфеслик биродарларга ҳам мурожаат қилади, токи улар масиҳийлик руқининг юксакликларини тушуна олсинлар. Қодир Худонинг ўғли ва қизлари сифатида улар эга бўлишлари мумкин бўлган мўъжизавий куч ва билимни, хаворий содда тилда тушунтириб беради. Улар “Масиҳнинг улуғвор бойлиги ва Руҳи билан бақувват бўлишлари” лозим, “токи улар барча Худонинг азизлари билан бирга бу севгининг кенглиги, узунлиги, баландлиги ва теранлигини тўла англашга кучлари етсин”. Улар “Худонинг бутун камолотига эришишларини” ҳаворий илтижо қилганда, унинг ибодати энг юқори даражага етади (Эфесликларга 3:16, 18, 19).УК 415.2

    Агар биз Самовий Отанинг талабларини бажарсак, У бизга берган ваъдаларга ишонч орқали эришишимиз мумкин бўлган юксакликлар ушбу матнларда кўрсатиб берилган. Масиҳнинг хизмати бизни Беқиёс Қудрат тахтига яқинлаштириши мумкин. “Худо Ўз Ўғлини аямай, балки ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, У билан бирга ҳамма нарсани ҳам бизга бермасмикан?” (Римликларга 8:32). Ота Ўз Ўғлига Муқаддас Руҳни ўлчаб бермаган, бинобарин биз ҳам ана шундай тўлаликка эга бўлишимиз мумкин. Исо дейди: “Шундай қилиб, сизлар ёвуз бўла туриб болаларингизга яхши ҳадъялар бера билар экансиз, самодаги Ота эса Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни бериши янада шубҳасиздир” (Луқо 11:13). “Ҳа, Менинг номим учун нима сўрасангизлар, Мен уни бажо келтираман”. “Ҳозирча Менинг номимдан Отадан бирон нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, эришасизлар ва қувончингиз камол топади” (Юҳанно 14:14; 16:24).УК 415.3

    Гарчи масиҳийнинг ҳаёти итоаткорлик билан фарқ қштса-да, бироқ бу азоб-уқубатларни ва ўзига паст баҳо беришни англатмайди. Ҳар бир кимсанинг афзаллиги - Худо унинг ҳаётини қўллаб-қувватлаб, марҳаматлай олишидадир. Биз ҳамма вақт зулматда ва виждон азобида бўлишимизни Самовий Отамиз хоҳламайди, Ҳақиқий итоаткорлик бошни қуйи тушириб юришдан ва доимо ўз гуноҳлари ҳақида ўйлашдан иборат эмас. Биз Исонинг олдига бориб, гуноҳлардан покланишимиз ва Илоҳий Қонун олдида виждон азобини тортмай, уялмай туришимиз мумкин. “Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир” (Римликларга 8:1).УК 416.1

    Одам Атонинг адашган ўғиллари Исо орқали “Худонинг фарзандларига” айландилар. “Зеро ҳам муқаддаслик бахш этувчи Исо, ҳам муқаддаслик қабул қилувчи имонлилар ҳаммаси бир Отадандир. Шу сабабдан Исо уларни биродарларим деб чақиришдан ор қилмайди” (Ибронийларга 2:11). Масиҳийнинг ҳаёти Раббийда ишонч, ғалаба ва хурсандчилик ҳаёти бўлиши даркор. “Чунки Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгади. Мана шу бизнинг имонимиз дунё устидан голиб чикди” (1 Юҳанно 5:4). Худонинг содиқ хизматкори Нахимиё дейди: “Бугун қайғурманглар, ахир, Эгамиз туфайли топган севинчингиз нажот қўрғонингиздир” (Нахимиё 8:10). Павлус дейди: “Раббингиз билан алоқада бўлиб, доимо хурсанд бўлинглар! Шундай қилиб, эй менинг соғинган, азиз биродарларим, қувончим ва гултожим, Раббингизга собит бўлинглар, эй севганларим!” “Ҳамиша хурсанд бўлинглар, тинмай тоат-ибодат қилинглар, ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукр қилинглар. Бу - Худонинг иродаси, чунки сизлар Исо Масиҳ умматисизлар” (Филиппиликларга 4:4; 1 Салоникаликларга 5:16-18).УК 416.2

    Муқаддас Китобга кўра, Худога юз тутиш ва оқланишнинг меваси ана шундай эди, бироқ буларни англаш ниҳоятда қийии бўларди, чунки масиҳий дунё Илоҳий Қонунда баён этилган буюк ҳақиқатларни писанд қилмасди. Maнa шу сабабли ўтган йилларга хос бўлган тикланиш даврида, биз Илоҳий Руҳнинг мазмунли ва узоқ муддатли хизматини кам кўрамиз.УК 416.3

    Биз мушоҳада ва мулоҳаза орқали ўзгариб борамиз. Агар Худо Ўз феъл-атворининг мукаммаллигини ва муқаддаслигини одамларга очиб берган муқаддас амрларни улар менсимай, бунинг ўрнига дунёвий таълимот ва назарияларга мурожаат қилган бўлсалар, Жамоатда ҳақиқий солиҳлик бунчалик камлигидан таажжубланиш керакми? Раббий дейди: “Менинг халқим иккита гуноҳ қилди: улар Мени — ҳаётбахш сув булогини тарк этдилар. Ўзлари учун сардобалар қазидилар, сувни ушлаб туролмайдиган ёриқ сардобалар қурдилар” (Еремиё 2:13).УК 416.4

    “Саодатли одамдир у, фосиқлар маслаҳатига юрмас, гуноҳкорлар йўлига кирмас... Илло Худованднинг Қонунидир унинг завқу орзуси, туну кун Тангри Қонуни ила банддир фикри-зикри. Оқар сувлар канорига ўтказилган, мевасини мавсумида тугадиган, барглари эса сўлмайдиган дарахт кабидир у киши, у неки қилса, толе унга ёрдир” (Забур 1:1-3). Илоҳий Қонун юксалтирилиб, лойиқ даражага кўтарилган такдирдагина, Худонинг танлаб олган халқи орасида дастлабки ишонч ва солиҳлик қайта тикланади. «Эгамиз Ўз халқига шундай деб айтмоқда: “Чорраҳаларда туриб қаранг, қадимги йўллар ҳақида сўранг, яхши йўл қаерда эканлигини билиб олинг. Ўша йўлдан юринг, шунда кўнглингиз таскин топади.” Аммо улар: “Йўқ, у йўлдан юрмаймиз”, дедилар” (Еремиё 6:16).УК 417.1

    Larger font
    Smaller font
    Copy
    Print
    Contents