Loading...
Larger font
Smaller font
Copy
Print
Contents

Пайғамбарлар ва подшоҳлар

 - Contents
  • Results
  • Related
  • Featured
No results found for: "".
  • Weighted Relevancy
  • Content Sequence
  • Relevancy
  • Earliest First
  • Latest First

    22- боб - “НАЙНАВО - БУЮК ШАҲАР”

    Исроилнинг бўлиниш кунларида Оссурия салтанатининг пойтахти Найнаво қадимги дунёнинг энг катта шаҳарларидан бири эди. Тигр дарёсининг унумдор соҳилида барпо этилган бу шаҳар, Бобил минораси билан боғланган воқеалардан кейин, инсонлар ер юзига тарқатилгандан сўнг, даврлар мобайнида муваффақиятли ривожланди ва, ниҳоят, “уч кунда юриб чиқиладиган... буюк шаҳарга айланди” ( Юнус 3:3).Пп 192.1

    Гуллаб-яшнашига қарамай, Найнаво жиноятчилар ва бетавфиқ одамларнинг жамланган шаҳари эди. Муқаддас Ёзув уни қон тўкиладиган, ёлғон ва қотилликка тўлиқ шаҳар”, деб тасвирлайди (Наҳум 3:1). Рамзли суратларда Наҳум пайғамбар Найнавони шафқатсиз, тўймас шер билан қиёслайди. “Зеро кимнинг устига, - сўрайди у, — сенинг ёвузлигинг тинмай тушмаган экан?” (Наҳум 3:19).Пп 192.2

    Шуларга қарамай Найнаво шаҳри нақадар бетавфиқ бўлса- да, ҳали қонунсизликка бутунлай ботмаган эди. “Барча инсон ўғилларини кўриб турадиган” Зот (Заб. 32:13), чунки Унинг “кўзи ҳамма нодирликка очиқдир (Айюб 28:10), шаҳардаги яхшиликка, покликка интиладиган одамларни кўрарди. Агар барҳаёт Аллоҳни билиш учун имконият туғилганида, улар ёвуз ишларини қолдириб, балки Унга хизмат қила бошлардилар. Имконият борича уларни тавбага келтириш учун, Тангри Таоло Ўз донолигида уларга энг аниқ тарзда аён бўлди.Пп 192.3

    Ва ниятини амалга ошириш учун У Юнус пайғамбарни танлади. Унга Худованднинг сўзи етиб борди. “Тургин, Найнаво шаҳрига — буюк шаҳарга боргин ва унда воизлик қилгин, зеро унинг ёвуз ишлари Менгача етди” (Юнус 1:1, 2).Пп 192.4

    Бу масала пайғамбарга жуда мураккаб кўринди. У қийинчиликлар ва имкониятсизлигини ўйлаб, Илоҳий даъватнинг фаросатлигида шубҳаланишни ўзига эп кўрди. Инсоний нуқтаи назаридан хушхабарнинг тарғиботи бу мағрур шаҳарда фойдасиз бўлиб туюларди. Пайғамбар хизмат қилаётган Аллоҳ донишманд ва жаббор эканини у унутди. У тебраниб шубҳаланишни давом этган пайтда, шайтон уни васвасага солиб, тамомила бошини айлантирди. Пайғамбар шу қадар даҳшатга тушди-ки, “Таршиш шаҳрига қочиш учун ўрнидан турди”. У Яффа шаҳрига келиб, ўша ерда Таршишга сузиб борадиган кемани топди, “йўл ҳақини тўлади ва сузиш учун кемага кирди” (Юнус 1:3).Пп 192.5

    Юнус пайғамбарга буюк масъулият юкланганди, аммо шу ишни унга Тайинлаган, уни қувватлаш учун ва ишни муваффақиятли бажариши учун, етарли даражада қудратли эди. Агар пайғамбар саботлилик ила Худога бўйсунганида, кейинчалик бошига тушган аччиқ машаққатлардан озод бўлиб, сероблиқда иноятлар оларди. Аммо Парвардигор уни маъюслигида қолдирмади. Кўпгина синовлардан ўтиб, одатдан ташқари воқеаларни бошидан кечириб, пайғамбар Худога, Унинг қутқара оладиган чексиз кучига, ўз ишончини намоён қилиши лозим эди.Пп 193.1

    Агар бошида Худованднинг таклифига эътибор бериб, Юнус жиддийлик билан ҳаммасини фаҳмлаганида эди, у устига қўйилган масъулиятдан қочишнинг беъманилигини тушунган бўларди. Аммо ақлсиз хатти-ҳаракати узоққа чўзилмади. “Худованд денгизда қаттиқ шамол кўтарди, ва денгизда буюк довул бошланди ва кема чилпарчин бўлишига тайёр эди. Ва кемачилар қўрққанларидан ҳар қайсиси ўз худосига мурожаат қила бошладилар, кемани енгиллаштириш учун туялган юкни денгизга олиб ташлардилар; Юнус эса кеманинг ичига тушиб ётди ва қаттиқ уйқуга кетди” (4, 5- оятлар).Пп 193.2

    Денгизчилар ўз мажусий худоларидан ёрдам сўраб, муножотларини уларга йўналтирган вақтда, довдираган кема капитани Юнусни топди «ва унга деди: “Сен нега уйқудасан? тургин, ўз Худойингга ибодат қилгин; балки Худо бизни эслар ва биз ҳалок бўлмасмиз”» (6-оят).Пп 193.3

    Аммо ўз бурчини менсимаган одамнинг ибодати жавобсиз қолди. Ниҳоят денгизчилар тушундилар: оддийликдан ташқари денгизда қўзғалган довул худоларнинг қаҳр-ғазаби қўзғагани учун рўй берибди. Улар охирги воситани ишлатмоқчи бўлдилар. “Бошимизга фалокат келтирган сабабчини билишимиз учун қуръа ташлайлик”, — дедилар. Ва қуръа ташланди, қуръа Юнусга тушди. Шунда ундан сўрадилар: “бизларга айт-чи, ким учун биз фалокатга йўлиқдик? Сенинг касбинг қандай, ва сен қаердан келяпсан? Сенинг ватанинг қаерда, ва сен қайси халқдан чиқдинг?”Пп 193.4

    Юнус уларга деди: “Мен — яҳудийман, еру денгизни яратган осмондаги Худойи Худовандга топинаман.”Пп 194.1

    Ва одамлар буюк даҳшатга тушдилар ва дедилар унга: “сен нимага шуни қилдинг?” — зеро ушбу одамлар, Юнуснинг ўзи эълон қилганидай, Худованд назаридан қочганини билдилар.Пп 194.2

    Ва унга дедилар: “денгиз тинчисин учун биз сенга нима қилишимиз керак?” — зеро денгиздаги довул тинчимасди. Юнус уларга жавобан: “Мени олиб денгизга улоқтиринглар, — деди. — Шунда денгиз тинчийди, чунки мен биламан-ки, ушбу буюк довул устингизга менинг учун ёпирилди”.Пп 194.3

    Аммо денгизчилар, ерга етиб бориш учун, тиришиб ҳаракатларини давом этдилар, чунки денгиз тинмасди, аксинча, тўлқинлари янада кучайиб қайнарди. Шунда улар Худовандга хитоб қилиб дедилар: “Сенга ёлвораяпмиз, ё Худованд, ушбу банданинг жони учун биз ҳалок бўлмайлик, беайб қон устимизга тушмасин; чунки Сен, ё Худованд, иродангга маъқул иш қилдинг!” Ва Юнусни олиб денгизга ташладилар, ва денгиз ўз ғазабидан тинчиди. Шуни кўрган денгизчилар Худованд қилганидан буюк даҳшатга тушдилар, Худовандга қурбон келтирдилар ва назрлар атадилар.”Пп 194.4

    «Худованд эса катта кит-балиққа Юнус пайғамбарни ютиб юборишига амр берди. Юнус уч кеча-кундуз балиқ қорнида бўлди. Балиқ қорнидан Юнус Худойи Худовандига муножотини юксалтирди. “Ўз қайғумда мен Худовандга хитоб қилдим, — ва У мени эшитди; дўзах қорнида мен фарёд чекдим, — ва Сен овозимни эшитдинг.Пп 194.5

    Сен мени теранликка, денгиз қалбига улоқтирдинг, ва оқимлар мени қуршаб олди, ҳамма сувларинг Сенинг ва тўлқинларинг Сенинг устимдан ўтди. Ва мен Сенинг назарингдан рад этилдим, аммо мен яна Сенинг муқаддас маъбадингни кўраман. Сувлар мени жонимгача ўз қучоғига олди, тубсизлик қаъри мени бекитди; денгиз ўти бошимга ўралди.Пп 194.6

    Тоғларнинг пойдеворига қадар мен тушдим, ер ўз қулфлари билан мени мангу иҳоталади; аммо Сен, Худойи Худовандим, жонимни дўзахдан чиқарасан.Пп 195.1

    Ичимда жоним мажолсиз бўлиб қолганида, мен Худовандни эсладим, ва ибодатим Сенгача, муқаддас маъбадинггача етди. Бекор ва сохта худоларни эҳтиром этадиганлар ўз Раҳмон ва Раҳимни қолдирдилар, мен эса ҳамду овозим ила Сенга қурбон келтираман; айтганимни бажараман. Худованддандир нажот!”» (Юнус 1:7-2:10).Пп 195.2

    Ниҳоят Юнус “нажот Худованддан” эканини билди. Юнус тавба қилганида ва қутқарадиган Илоҳий илтифотини эътироф этганида, шунда халос келди. Юнус денгиз қаъридан қутқарилди ва қуруқликка чиқарилди.Пп 195.3

    Яна Илоҳий хизматкорга Найнаво тўғрисида буйруқ такрорланди. “Иккинчи марта Худованд каломи Юнус пайғамбарга бўлди: «тургин, буюк шаҳар Найнавога бориб, Мен сенга буюрганимни тарғибот этгин”. Бу сафар у шубҳаланмай сўзсиз итоат қилди. У турди ва “Худованд сўзи бўйича Найнавога йўналди” (Юнус 3:1-3).Пп 195.4

    Шаҳарга киргач Юнус пайғамбар воизлик қила бошлади. Мурожаатида: “Яна қирқ кун ва Найнаво вайрон бўлади!” (Юнус 3:4), — деярди. Келгуси ҳалокатдан огоҳлантирадиган унинг овози шаҳарнинг ҳар бир кўчасида этишилди.Пп 195.5

    Унинг хабари беҳуда бўлмади. Юнус пайғамбарнинг сўзлари тилдан-тилга узатиларди, ниҳоятида шаҳарнинг бутун аҳолиси ажаблантирадиган огоҳлантиришни эшитди. Илоҳий Руҳ таъсирида кўплар хабарни англадилар, ўз қонунсиз ҳаёт тарзи учун қўрққанларидан чуқур камтарликда Аллоҳ олдида надомат чекдилар.Пп 195.6

    “Ва найнаволиклар Аллоҳга ишондилар: рўза эълон этиб, каттасидан бошлаб то кичигигача жулдурга кийиндилар. Сўз Найнаво подшоҳига етди, — ва у тахтидан турди ва подшоҳлик кийимларини ечди, жулдурга кийиниб, кулга ўтирди, подшоҳ ва вазирлари исмидан Найнавода қуйидагини эълон этишга буюрди: “токи на одамлар, на чорва, на буқалар, на қўйлар ҳеч нарса емасинлар, яйловга чиқарилмасин, сув берилмасин, ва одамлар ҳам, чорва ҳам жулдурга ёпинган бўлсин, ва Худога қаттиқ фарёд чексинлар, ва токи ҳар бириси ўз ёвуз йўлларидан, қўлларининг зўравонлигидан қайтсин. Ким билади, балки Тангри Таоло меҳр-шафқатини намоён этар ва бизлардан Ўз оташли ғазабини ўгирар, ва бизлар ҳалок бўлмасмиз” (Юнус 3:5-9).Пп 195.7

    Подшоҳ ва мансабдорлари халқ билан бирга, баланд сулолага мансуб бўлганлардан бошлаб то оддий халққа-ча “Юнуснинг ваъзидан тавба қилганларида” ва бирликда самовий Отага мурожаат этганларида, шунда У илтифотини уларга кўрсатди.Пп 196.1

    “Улар ёвуз йўлларидан қайтганини Аллоҳ кўрди, устиларига фалокат юбораман, деган сўзларига раҳми келди, ва айтганини қилмади” (Юнус 3:10). Илоҳий раҳм-шафқати туфайли улар кечирилди, Исроил Тангриси ва Унинг қонуни бутун мажусий дунёда юксалтирилди ва шарафланди. Аммо кўп йиллар ўтгач, Найнаво атрофдаги халқларнинг ўлжасига айланди, чунки яна мағрурланиб, Аллохдан кечди ( Оссуриянинг қулаши тўғрисида 30-бобга қаранг).Пп 196.2

    Шаҳарнинг бетавфиқлигига қарамай, аҳолиси жулдур кийимда ва кулда Худованд олдида надомат чекканида, Жабборнинг нияти ўзгарганини ва У шаҳарни аяб қолдирадиган бўлганини Юнус билганида, у, Илоҳий илтифотининг ажойиб намоён бўлишига, биринчи бўлиб тантана қилиши табиий туюларди, аммо тўғрисини айтганда, энди уни сохта пайғамбар деб санашларидан хавотирликка тушди. Ўз обрўси тўкилишидан ташвишланиб, бетавфиқ шаҳарнинг жонлари бебаҳо эканини у назаридан чиқарди. Тавба қилган Найнавога Худо раҳм-шафқатини намоён этди, “Юнус эса шунга хафа бўлди ва ғаши келди.” “Ўз диёримда бўлганимда, буни этмабмидим? Шунинг учун мен Таршишга қочдим, зеро билардим, Сен — валинеъмат ва шафқатли Аллоҳсан, узоқчидамли ва кўп иноятли ва фалокат тўғрисида ачинасан” (Юнус 4:1, 2).Пп 196.3

    Яна у шубҳаланадиган одатига берилди, ишониб етмагани сабабли у яна кўнгилсизлана бошлади. Бошқаларни ўйламай, шаҳар аяб қолдирилганидан ҳатто ўз ўлимини афзалроқ кўргандай, у қалбидан хитоб қилди: “Бугун, Худованд, мендан жонимни олгин, зеро яшаганимдан ўлганим яхшироқдир.”Пп 196.4

    “Наҳотки бу ҳодиса сени шунчалик хафа қилган бўлса?” — сўради ундан Худованд.Пп 197.1

    “Ва Юнус пайғамбар шаҳардан чиқди, шаҳарнинг шарқий томонида ўзига чайла қурди ва шаҳарга нима бўлишини кутиб, унинг соясига ўтирди. Ва Худойи Худовандо ўсимликни ундирди. Ўсимлик кўтарилиб, худди уни юпатиш учун, боши устидан соясини ёйди; Юнус ушбу ўсимликка жуда ҳам хурсанд бўлди” (Юнус 4:3-6).Пп 197.2

    Шунда Худованд тасвирий равишда Юнусга тушунмаганини изҳор этди. “Ва Аллоҳ шундай қилди-ки, эртагиси кун, тонг отганда, қурт ўсимликка тегди ва у қуриди. Қуёш чиққанида эса, Аллоҳ шарқдан жазирама шамол кўтарди ва қуёш Юнус бошини қиздира бошлади; мажолсиз бўлиб қолиб, у ўзига ўлим сўрарди, “яшаганимдан ўлганим яхшироқ”, — деди.Пп 197.3

    Яна Худованд пайғамбарга деди: “Ўсимлик учун наҳотки шунчалик хафа бўлсанг?” У эса жавоб берди: “Жуда хафа бўлдим, ҳатто ўлгунимча.”Пп 197.4

    «Шунда Худованд деди: “сен меҳнат қилмаган ва ўзинг ўстирмаган, бир кечада ўсиб чиққан ва қуриган ўсимлик тўғрисида пушаймон бўляпсан: Менингми Найнавога раҳмим келмаса, унинг аҳолиси бир юз йигирма мингдан кўпроқ, ўнг қўлини чап қўлидан ажрата билмайдиган ва чорваси ҳам кўп бўлган буюк шаҳарга?”» (7-11-оятлар).Пп 197.5

    Аллоҳ Найнавони аяб қолдирганини Юнус тушунмаганига қарамай, катта шаҳарни огоҳлантириш тўғрисида унга берилган вазифани у бажарди, унинг каромати амалга ошмаса-да, бу хабарни тарқатишга унга Аллоҳ ишониб берди ва унинг маъноси катта эди. Мажусийларга Унинг иноятининг улуғворлиги намоён этилди. Шунча вақт “зулматда, ўлим ваҳимасида” яшаганлар, “темир кишанда ўтириб азоб чекканлар”, “машаққатларида Худовандга фарёд этишгач, У уларни азоб-уқубатларидан қутқарди”. “Зулмат ва ўлим ваҳимасидан уларни озод қилди, занжир-кишанларини синдириб ташлади”. “Ўз Каломини юбориб уларга шифо берди, уларни тушган чохларидан чиқариб олди” (Заб. 106:10, 13, 14, 20).Пп 197.6

    Масиҳ ер юзида хизмат қилиб юрган кунларида Юнус пайғамбар ваъзининг натижасини эслатиб ўтди, мажусий- найнаволикларни Унинг замонида Илоҳий халқ дейиладиганлар билан солиштирди. “Найнаво одамлари, — деди У, — қиёмат кунида бу насл билан бирга тирилиб, уни маҳкум этадилар. Чунки улар Юнуснинг ваъзи сабабли тавба- тазарру қилганлар. Ва мана, Юнусдан буюкроғи шу ердадир” (Мат. 12:41). Масиҳ тамагир муаммоларга ботган дунёга келди, одамлар бетавфиқ савдогарлик ишлари билан банд бўлган ҳолатда, ҳар қандай воситалар орқали ўз мақсадига етишардилар, ва ушбу оворагарчилик аро Илоҳий карнай овози каби Унинг овози янгради: “Arap инсон бутун дунёни эгаллаб олса-ю, ўз жонига зарар келтирса, бундан унга нима фойда? Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов топиб бераркан?” (Мк. 8:36, 37).Пп 198.1

    Юнус пайғамбарнинг ваъзи найнаволикларга гувоҳлик бўлганидай, Исо Масиҳнинг ваъзи Унинг авлодига гувоҳликдир. Аммо ушбу гувоҳлик нақадар бошқача қабул қилинди! Шундаям, одамларнинг бепарволигига, уларнинг масхара қилишига қарамай, Нажоткор Ўз фаолиятини тугатмагунча меҳнат қилишни давом этди.Пп 198.2

    Бизнинг замондошларимиз, ўз давридаги қадимги Найнаво каби, Худованднинг моҳиятини, Унинг ниятларини билишга муҳтожлар — бунда Илоҳий элчилари учун дарс бор. Инсонлар бизникидан афзалроқ дунё борини унутдилар. Масиҳнинг вакиллари уларнинг назарини ушбу афзал дунёга йўналтиришлари лозим. Муқаддас Ёзувга муносиб, абадулабад турадиган ягона шаҳар — меъмори ва қурувчиси Аллоҳ бўлган шаҳардир. Ишонч кўзлари билан инсонлар, Илоҳий улуғворликка ёритилган Осмоннинг кираверишига назар сола оладилар. Ўз хизматкорлари орқали Худованд Исо, ўлмас ворисга эга бўлишлари учун, одамларни муқаддас курашга даъват этмоқда. Осмонда, Илоҳий тахт ёнида сақланадиган хазиналарни йиғишларига уларни даъват этмоқда.Пп 198.3

    Тезда деярли ҳамма шаҳарларнинг тақдири ечилади, кўпаяётган қонунсизлик учун устиларига Илоҳий жазо тушади. Дунёда ҳукмрон бўлган тушкунликни тасвирлаб бўлмайди. Ҳар бир янги кун турли тўқнашувлар, пора олиш ва қаллобчилик тўғрисида хабарлар келтирмоқда. Кунда биз даҳшатли зўравонлик тўғрисида, қонунсизлик, одам қайғусига бепарволик тўғрисида, инсон ҳаётларининг ваҳшиёна қирилиши тўғрисида эшитмоқдамиз. Борган сари кўпаяётган қотиллик ва ўзини ўлдириш тўғрисида, ақлдан тойганлар тўғрисида ҳар кун гувоҳлик қилмоқда.Пп 198.4

    Даврлар мобайнида шайтон одамларни азалдан Бўлганнинг эзгу ниятларидан маҳрум қилишга интилади. Илоҳий қонуннинг буюк асосларини — адолат, меҳр-шафқат ва севгини у одамлардан бекитишга тиришади. Бизнинг замонда етишган ажойиб ижтимоий тараққиёт ва илм-маърифат билан одамлар фахрланадилар, аммо еримиз қонунсизлик ва зўравонликка ботганини Худо кўриб турибди. Илоҳий қонун бекор қилинган, Муқаддас Китоб бузилган, деб одамлар эълон этадилар, ва, натижада, Нуҳ пайғамбар ва Исроилнинг чекиниш кунларидан бошлаб бўлмаган ёвузлик бутун дунёни эгаллади. Жоннинг энг юксак фазилатлари — ҳамдардлик, художўйлик — тақиқ этилган нарсаларга орзу эҳтирослар билан алмашинган. Бойиш мақсадда ўрин топган жиноятлар тўғрисида босилиб чиқаётган маълумотлар шунчалик даҳшатли-ки, ўқиганларнинг қони қўрққанларидан томирларида қотиб қоляпти ва қалблари даҳшатга тўляпти.Пп 199.1

    Бизнинг Худойимиз — меҳрибонлик Худосидир. Узоқчидамлик ва сезгир ҳамдардлик билан Унинг қонунининг бузувчиларига У муомала қилмоқда. Шундаям бизнинг кунларда, Муқаддас Ёзувда очилган Илоҳий қонун билан танишиш учун одамларда шунчалик кўп имкониятлар бўлганида, Буюк Парвардигори Олам, зўравонлик ва жиноятчилик ҳукмрон бўлган бетавфиқ шаҳарларга тинч қарай олмайди. Уз итоатсизлигида қайсарликни давом этаётганлар учун тезда Илоҳий узоқчидамлигининг охири етиб келади.Пп 199.2

    Қулаган ернинг истиқоматчиларига нисбатан Худонинг муомаласи тўсатдан ва кескин ўзгарганида, наҳотки одамлар ҳайрон бўлишлари лозим? Қилиқлари ва жиноятлари учун бошларига жазо тушганида, наҳотки улар тушунмасалар? Бойликка ёлғон ва ҳийлагарлик орқали етишганларни Худо қириб ташлаганида, кўнгилсизланиш керакми? Илоҳий талаблари жуда аниқ ёритилганига қарамай, кўплар азалдан Бўлганнинг олий ҳокимиятини эътироф этишдан кечдилар, ва самовий ҳокимиятга қарши ҳар қандай ғазабланишнинг бошланғичи бўлган иблиснинг қора туғлари остида қолишни танладилар.Пп 199.3

    Илоҳий узоқчидамлик жуда катта — шунчалик катта-ки, муқаддас Илоҳий амрлар доимо ҳақоратланганини кўрганимизда, биз фақат ҳайрон бўла оламиз. Қудрати чексиз Худовандимизнинг ҳамма фазилатлари аро узоқчидамлиги бошқаларидан ёрқин намоён бўлмоқда. Аммо вақт келади, шунда Унинг талабларини шунчалик сурбетлик билан менсимаган бетавфиқларни У албатта жазолайди.Пп 200.1

    Аллоҳ инсонларга синовдан ўтиш учун вақт бермоқда, аммо Илоҳий узоқчидамлиги чексиз эмас ва, пировардида, Унинг ҳукмлари албатта кетма-кет сайёрамиз инсонларининг бошига тушади. Худованд одамларга нисбатан узоқчидамли, Ўзининг ғазабидан уларни сақлаб қолиш учун марҳамат қилиб огоҳлантирмоқда, аммо шундай вақт келади-ки, раҳм сўраб ёлворганнинг фарёдини У эндигида эшитмайди ва ҳақиқат нурини тарк этаётган исёнкорларни маҳв этади. Шуни қилганда ҳам Унинг ҳаракати чексиз ҳамдардликда асосланади, ва улар ўз намунаси билан бошқаларни йўлдан урмасликларини назарида тутади.Пп 200.2

    Дунё учун шунчалик буюк мусибатнинг вақти келади-ки, ҳеч қандай инсоний воситалар уни даволаолмайди. Илоҳий Руҳ аста-секин еримизни қолдирмоқда. Борган сари қирғоқ ва денгизда фалокатлар кўпаймоқда. Тез-тез биз зилзилалар, довуллар, ёнғин ва тошқинлар натижасида саноқсиз қурбонлар, моддий йўқотишлар тўғрисида эшитмоқдамиз. Шубҳасиз, ушбу ҳалокатлар одамнинг назоратидан чиққан, тартибга киритиб бўлмайдиган табиат кучларидир, аммо бўлаётган ҳаммасида биз Илоҳий қулини кўришимиз лозим. Инсоният устига келаётган таҳликаларни англаш учун, одамларнинг онгини уйғотиш учун, Худованд табиий кучларни истифода қилмоқда.Пп 200.3

    Катта шаҳарларга меҳнат қилиш учун юборилган Илоҳий вакиллари, қонунсизлик, адолатсизлик ва бузуқлик билан учрашганларида, маъюсликка тушмасинлар. Дунёга қувончли Хушхабарни эълон этишга улар даъват этилганлар экан, қатъиятлик билан курашсинлар. Бетавфиқ Коринф шаҳрида ҳаворий Павелни Худованд қувватлаганидай, худди шу сўзлар билан У ҳар бир меҳнаткашини дадиллантиради: “Кўрқма, лекин тинмай гапиравергин. Мен сен билан биргаман, ҳеч ким сенга қўл тегизиб ёмонлик қилмайди; чунки бу шаҳарда кўп одамларим бор” (Ҳав. 18:9, 10). Инсониятни қутқаришда устиларига муқаддас вазифани олган ҳамма шуни эсида тутсин-ки, кўплар Илоҳий Каломга керакли эътибор бермасалар-да, аммо ёруғлик ва ҳақиқатдан, ҳамдарли ва чидамли Нажоткоримизнинг нидосидан бутун дунё тескари бурилмайди. Ҳар бир шаҳарда, зўравонлик ва жиноятларга ботган бўлса-да, ёруғликнинг нури билан ёритилган жонлар кўп, ва улар Исонинг издошлари бўладилар. Шундай қилиб нажот топиш хабари минглаб қалбларга ета олади, ва улар Исо Масиҳни ўз Халоскори сифатида тан оладилар.Пп 200.4

    Бугун еримизнинг аҳолисига Илоҳий хабар мурожаат қилмоқда: “Шунга ўхшаб сизлар ҳам тайёр бўлиб туринглар. Чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келиб қолади” (Мат. 24:44). Айнан катта шаҳарлардаги жамиятнинг замонавий ҳолати, Илоҳий ҳукм яқинлашгани, охирги замон етиб келгани тўғрисида гувоҳлайди. Бутун даврлардаги энг буюк инқирознинг бўсағасида биз турибмиз. Тезда ҳар қандай фалокатлар: ёнғинлар, тошқинлар, зилзила, уруш ва контўкишлар бири-кетин ўрин топади. Рўй бераётган буюк ҳайбатли воқеаларга биз ҳайрон бўлмаслигимиз лозим, зеро иноят фариштаси эндигида тавба қилмаганларни ҳимоя этмайди.Пп 201.1

    “Зеро мана, ер истиқоматчиларига қонунсизликлари учун танбеҳ бермоққа, Худованд Ўз маконидан чиқмоқда, У ер ютган қонни ошкор этади, ва эндигида ҳалок бўлганларни пинҳон этмайди” (Иш. 26:21). Илоҳий ғазабининг булутлари қалинлашмокда, ва фақат марҳаматли овозни эшитганлар қутқариладилар. Ўз вақтида Найнаво шаҳарининг аҳолиси билан шундай бўлди. Илоҳий Амирнинг қонунига бўйсуниб, улар ўзларини оқладилар ва нажот топдилар. Довул вақтида фақат Масиҳ билан Аллоҳда паноҳ топган тақводорлар бехатар бўладилар.Пп 201.2