Loading...
Larger font
Smaller font
Copy
Print
Contents

Пайғамбарлар ва подшоҳлар

 - Contents
  • Results
  • Related
  • Featured
No results found for: "".
  • Weighted Relevancy
  • Content Sequence
  • Relevancy
  • Earliest First
  • Latest First
    Larger font
    Smaller font
    Copy
    Print
    Contents

    15-боб - ЙЎШАФАТ

    Ўттиз беш ёшга кирган Йўшафат подшоҳ бўлиб салтанатни эгаллаганича, отаси Осодан кўп нарсага унинг ўрганишга имконияти бор эди. Осо подшоҳ ҳаётининг энг оғир соатида “Худованд кўз ўнгида маъқул ишлар қилиб яшади” (3 Под. 15:11). Йигирма беш йиллик салтанатининг давомида Йўшафат, ҳамма нарсада ўз отаси Осо йўлидан боришга тиришди ва унинг йўлидан қайтмади”.Пп 135.1

    Давлатни оқилона бошқаришга интилган Йўшафат, ўзига тобе бўлганларни мажусий удумларидан қайтаришга тиришарди. Унинг халқидан кўплари “ҳалигача тепаликларда қурбонлар келтиришарди, тутатқи ишлатишарди” (3 Под. 22:43). Тахтга юксалгани заҳоти подшоҳ қурбонгоҳларни бузиб ташламади, лекин энг бошидан Яҳудияни, замондоши Аҳоб подшоҳнинг шимолида ҳукмрон бўлган қонунсизлигининг таъсиридан сақлаб қолишга тиришарди. Йўшафат ўзи эса Аллоҳга содиқ эди. У “Баалларни чақирмади, уларга топинмади, аммо ўз отасининг Парвардигорига таваккал қилди; исроилликларнинг ҳаракатига муносиб эмас, балки Унинг амрларига риоя қилиб яшарди”. Унинг садоқатлиги туфайли Худованд унинг билан эди ва “қўлидаги салтанатни мустаҳкамлади” (2 Воқ. 17:3-5).Пп 135.2

    “Ва ҳамма яҳудийлар Йўшафатга ҳадялар беришарди, ва унинг бойлиги кўпайиб донғи чиқди. Ва Худованд йўлларида унинг қалби юксалди”. Бир вақтдан сўнг, ўзгаришлар киритилгач, подшоҳ “тепаликларни ва Яҳудиядаги эманзорларни бекор қилди” (2 Воқ. 17:5, 6). “Ва бадкирдорлар қолдиғини, отаси Осо кунларида қолаверганини, у ер юзидан қириб ташлади” (3 Под. 22:46). Шундай қилиб Яҳудия аҳолиси кўпгина хатарлардан қутилди ва маънавий ривожланишга йўл очилди.Пп 135.3

    Бутун мамлакат Илоҳий Қонунни билиши шарт эди. Одамларнинг хавфсизлиги Қонунда эди, ва, ўз ҳаётларини унинг талабларига мос келтириб, улар Аллоҳга ва ўз яқинларига содиқ қолаверардилар. Шуни тушунган Йўшафат, бутун кучи билан халққа Муқаддас Китобдан керакли таълимот беришга тиришарди. У амирларга буйруқ берди. Салтанатнинг ҳар қайси музофотига раҳнамо бўлган амирлар, руҳонийлар ёрдамида халқни ўргатишни ташкил этдилар. Подшоҳ фармони бўйича ўқитувчилар, амирлар назоратида бевосита ишлаб, “Яҳудиянинг ҳамма шаҳарларини кезиб чиқишарди ва халққа таълим беришарди” (2 Воқ. 17:7-9). Ва кўплар Илоҳий талабларини билишни хоҳлаганлари учун, ва гуноҳларидан озод бўлишни истаганлари сабабли, буюк уйғониш бошланди.Пп 135.4

    Йўшафат ўзига тобе бўлганларнинг руҳий чанқовини кўзда тутди ва шуни қондириш учун доно қарорга келди. Натижада салтанатини бошқаришда у муваффақиятга эришди. Илоҳий Қонунга итоат қилиш буюк инъомлар насиб эттиради. Илоҳий талабларига бўйсуниш — инсонларга эзгулик ва тинчлик берадиган янгилайдиган кучдир. Агар Илоҳий Калом ҳар бир кишининг хатти-ҳаракатини белгилаганда эди, агар унинг тийиб турадиган кучига инсон онги бўйсунганида эди, шунда бугунги кунда ҳаётимиздаги бор бўлган ёвузликка ўрин топилмас эди. Шунда ҳар бир оила руҳий кучнинг манбасига айланарди, айрим инсоннинг ва бутун халқларнинг маънавий ҳолати мустаҳкамланарди.Пп 136.1

    Кўп йиллар давомида Йўшафат қўшни мамлакатлар билан тинч яшади. “Яҳудия атрофида жойлашган барча салтанатларда Худованддан қўрқиш мавжуд эди.” (2 Воқ. 17:10). Филистийликлардан бож ҳақини маблағ ва ҳадялар тарзида оларди; араблар унинг ҳузурига қўй ва эчки улкан сурувларини ҳайдаб келишарди. “Ва Йўшафат борган сари юксалаверди, ва Яҳудияда қўрғонлар ва захира қилмоқ учун шаҳарлар қурди.” “Яҳудиянинг барча мустаҳкамланган шаҳарларида” алоҳида ҳарбий одамлар қўйди; улардан ташқари кўпгина ҳарбий ва жасур одамлар унга хизмат қилишарди. (2 Воқ. 17:12-19). “Бойлик ва шон-шуҳрат” билан олқишланган подшоҳ, халқини ҳақиқат ва адолат йўлига олиб бора оларди ( 2 Воқ. 18:1).Пп 136.2

    Йўшафат тахтга юксалганидан бир неча йил ўтди ва у гуллаб-яшнашининг чўққисига етди. Шу пайт у Аҳоб подшоҳ билан қариндошликка рози бўлди, ва ўғли Йўрамга Аҳоб ва Изавел қизи Ғоталёни олиб берди. Ушбу никоҳ орқали Яҳудия ва Исроил орасида иттифоқ тузилди. Бу ҳаракат Илоҳий иродага зид эди, ва кейинчалик инқироз вақтида подшоҳ ва унга тобе бўлганларга кўп қайғу-ҳасрат келтирди.Пп 137.1

    Кунлардан бир куни Йўшафат исроиллик подшоҳни кўриш учун Самарияга ташриф буюрди. Қуддусдан келган қадрли меҳмон айнан тавозе билан кутиб олинди ва, пировардида, уни Исроил подшоҳи билан бирлашиб, Сурияга қарши ҳарбий паймон тузишига зўрладилар. Аҳоб қадимги Рамўт номли паноҳ шаҳарини исроилликларга тегишли деб санарди, ва яҳудийлар лашкари билан бирлашиб, шу шаҳарни қўлга олмоқчи эди.Пп 137.2

    Йўшафат, жони сусайган дақиқада подшоҳга сурияликларга қарши чиқишга ўйламай ваъда бериб қўйса-да, андишага бориб, у Аллоҳ билан маслаҳатлашиш қарорига келди. “Бугун сўроқ қилгин, Худованд нима дер экан,” - Аҳобга у таклиф этди. Унинг илтимосига жавобан Аҳоб Самариядан тўрт юз сохта пайғамбарларни чақиртирди ва улардан сўради: “Бизларга уруш қилиб Галъёддаги Рамўтга борса бўладими, ёки тўхталиб қолайликми?” Ва улар жавоб бердилар: “Боргин, ва Аллоҳ уни сенинг қўлингга топширади “(2 Воқ 18:4,5).Пп 137.3

    Бу жавобдан қаноатланмаган Йўшафат Илоҳий иродани аниқ билишни хоҳларди. “Бу ерда Худованднинг пайғамбари йўқми? — сўради у, - ундан ҳам сўрайлик” (2 Воқ 18:6). “Яна бир одам бор, унинг орқали Худовандга мурожаат қилса бўлади, — жавоб берди Аҳоб, — аммо мен уни яхши кўрмайман, чунки у менинг тўғримда ҳеч бир яхшиликни башорат қилмайди, фақат ёмонни айтади; унинг исми Миха” (3 Под. 22:8). Аммо ушбу Илоҳий бандани кўришга Йўшафат саботлилик намоён этди, ва у таклиф қилинди. Уларнинг ҳузурига келган пайғамбарга Аҳоб фақат “Худованд номига ҳақиқатни” гапиришига буюрди. Миха деди: “Мен Исроил ўғилларини, худди чўпонлари йўқ, тоғларда тарқалган қўйлар каби кўрдим, ва Худованд деди: “уларнинг бошлиғи йўқдир, ҳар бири тинчлик билан ўз уйига қайтсин” (3 Под. 22:16, 17).Пп 137.4

    Осмон уларнинг ниятини маъқул кўрмаслиги пайғамбар сўзларидан аниқ эди, аммо подшохлардан на бири, на иккинчиси ушбу огоҳлантиришга эътибор беришмади. Аҳоб қиладиган ҳаракатини олдиндан ўйлаб қўйган эди, ва режаси бўйича жиддий туриб қарор чиқарди. Йўшафат: “Сенинг билан урушга бораман,” — деб сўз берди, ва ваъдасидан кейин қарорини ўзгарта олмасди. “Ва Исроил подшоҳи Аҳоб Яҳудия подшоҳи Йўшафат билан Гальёддаги Рамўтга қарши чиқдилар” (3 Под. 22:29).Пп 138.1

    Жангда Аҳоб ўқдан ярадорланди ва кечга томон ўлди. “Ва бутун манзил бўйича, қуёш ботар вақтда, эълон этилди: ҳар қайси ўз шаҳарига ва ўз ерига қайтсин!” (3 Под. 22:36). Шундай қилиб пайғамбар сўзи юзага чиқди.Пп 138.2

    Ушбу ютуқсиз жангдан сўнг Йўшафат Қуддусга қайтди. Шаҳарга яқинлашар экан, унинг қаршисига Йўҳу пайғамбар чиқди ва унга таъна сўзлари билан мурожаат этди: “Наҳотки бетавфиққа ёрдам бериш ва Худованддан нафратланганларни севиш зарур бўлса? Шу қилганингга Худованд ғазабланмокда. Эзгу ишларинг ҳам Унинг хотирасида, чунки сен Яҳудия ерида санамларни қириб ташладинг ва Парвардигорингни қидириб топиш учун қалбингни шунга уйғунлаштирдинг” (2 Воқ. 19:2, 3).Пп 138.3

    Ўз салтанатининг охирги йилларини Йўшафат Яҳудиянинг миллий ва руҳий ҳуқукларини ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга бағишлади. “У ўз халқини Беър-Шевадан бошлаб то Эфраим тоғигача кезиб чиқди ва уларни Худовандга, оталарининг Парвардигорига қайтариш учун даъват этиб юрди” (2 Воқ. 19:4).Пп 138.4

    Подшоҳ фаолиятининг муҳим ишларидан бири — адолатли ҳукм чиқариш учун махсус ташкилот барпо этилди. “Яҳудиянинг барча мустаҳкамланган шаҳарларида ҳакамлар тайинлаб, уларга деди: қилган ишингизга эътибор беринг; сиз инсоний ҳукм чиқармай, балки Худованднинг ҳукмини ижро этмоқдасиз; ва ҳукм ишида У сиз билан. Шу боис, Худованддан қўрқиш устингизда бўлсин: эҳтиётлик билан иш юритинглар, зеро Худовандда, бизнинг Парвардигоримизда адолатсизлик, юз-хотирчилик ва пора олиш дегани йўқдир” (2 Воқ. 19:5-7).Пп 138.5

    Ҳукм чиқариш тартиби янгиланди, Қуддусда апелляциялик суди ташкил этилди. “Левийларни, руҳонийларни ва Исроилдаги авлод бошлиқларини Йўшафат Худованд судига ва муаммоларни ечиш учун тайинлади” (2 Воқ. 19:8).Пп 139.1

    Ҳакамларни садоқатли бўлишларига подшоҳ ундарди. “Садоқатлик билан ва чин кўнгилдан, Худованддан қўрқиб ҳаракат қилинглар, - деб уларни ўргатарди, - ўз шаҳарларида яшайдиган биродарларингиздан биронтаси мунозаравий иш тутмоғи керак бўлганида, масалан қон тўкилиш , ёки қонун, амрлар, қоидалар ва урф-одатлар тўғрисидами, шундай насиҳат беринглар-ки, улар Худованд олдида айбдор бўлмасинлар, Унинг ғазаби устингизга ва биродарларингизнинг устига тушмасин; шундай ҳаракат қилинг, — ва сиз гуноҳга йўлиқмайсиз.Пп 139.2

    Ва мана, Худованднинг ҳар бир ишида устингиздан Амарё - олий-руҳоний; Яҳудо хонадонининг амири, Исмоил ўғли Забадё — подшоҳнинг ҳар бир ишида, ва левийлардан назоратчилар олдингизда. Маҳкам туринг ва ҳаракат қилинг, ва Худованд меҳрибон билан бўлур” (2 Воқ. 19:9-11).Пп 139.3

    Адолатли Худованд юз-хотирчилик қилмай, ҳаммага эътибор беради ва ғамхўрлик қилади. Тобе бўлганларига ҳуқуқ ва эркинликни етказиб беришга интилган Йўшафат, Худованд ҳақи ҳар бир кишига тегишли эътибор ва ғамхўрлигини намоён қилишга тиришарди. “Аллоҳ худолар оломонида туриб, худолар аро ҳукум эълон этди”. Ва ҳакамликка тайинланганлар “қашшоқ ва етимнинг даъвосини қилишлари, бечораю камбағалга инсоф кўрсатишлари” лозим эди. Уларга “дармонсизу фақирни халос қилишга, фосиқлар қўлидан озод этишга” даркор эди. (Заб. 81:1, 3, 4).Пп 139.4

    Йўшафат салтанатининг охирида Яҳудия диёрига душман ҳужум қилди, унинг яқинлашиб келаётгани бутун мамлакатни ваҳима ва ларзага солди. “Мўовийлар ва Аммонийлар ва уларга қўшилиб Мўов мамлакатидан қайбирлари Йўшафатга қарши уруш бошладилар”. Бу хабарни унга элчи келтирди, у ҳаяжонланиб эълон этди: “Сурия томонидан, денгизнинг нариги соҳилидан сенинг устингга улкан кўпчилик келаётир, ва мана, улар Ҳасасўн- Тамарда, яъни Айнқаддадирлар” (2 Воқ. 20:1, 2).Пп 139.5

    Йўшафат қаҳрамон аскарлардан эди. Кўп йиллар давомида у шаҳарлардаги лашкарларини мустаҳкамлашга ғамхўрлик қиларди. Қандай бўлмасин душманга қарши туришга унинг тайёргарлиги етарли даражада эди, аммо ҳозирги пайтда бошига тушган фалокатни ўз кучи билан енгиб чиқишига кўзи етмасди. Яҳудия устига ёпирилиб келган мақтанчоқ мажусийларни енгиб чиқишда Йўшафат мустахкамланган шаҳарларига ва лашкарига таянмай, фақат Исроил Парвардигорига таваккал эта оларди.Пп 140.1

    “Ва Йўшафат қўрқувга тушди, у Худовандни қидириб топмоқни истади ва бутун Яҳудияда рўза тутмоқни эълон этди. Ва яҳудийлар Худованддан ёрдам сўраш учун йиғилдилар; Яҳудиянинг барча шаҳарларидан улар Худовандга ёлвориш учун келдилар.”Пп 140.2

    Маъбадда халқ олдида туриб, Йўшафат ўз муножотида Илоҳий назрларига таяниб, Исроилнинг ёрдамсизлигини тилига олиб, жонини қуйди. “Ё Худованд, оталаримиз Парвардигори, - деб ёлворди у, - самодаги Аллоҳ Сен эмасмисан? Сен барча халқларнинг салтанатлари устидан Ҳукмдордирсан, Сенинг қўлингдадир куч-қудрат, ва ҳеч ким Сенга қарши тура олмас! Сен эмасми, ё Парвардигор, ушбу диёрнинг истиқоматчиларини Сенинг халқинг Исроил кўз ўнгида, ҳайдаб чиқарган? Ва Иброҳим уруғига ушбу диёрни мангуликка топширган Сен эмасми? Ушбу ерда улар жойлашдилар, ва Сенга, Сенинг исминг шаънига маъбад қурдилар. Шунда улар айтган эдилар-ку: “Агар устимизга бало келса: жазолайдиган қилич, ёки ўлат, ёки қаҳатчилик, биз Сенинг маконингда, Сенинг юзинг олдида турармиз, зеро Сенинг исминг ушбу уйдадир; ва сиқилган ҳолатимизда Сенга мурожаат қилсак, — Сен эшитурсан ва ёрдам берурсан.Пп 140.3

    Энди эса, мана Аммонийлар ва Мўовийлар, ва Сеъир тоғида яшовчилар бирлашиб, Сен бизларга атаб берган ерингдан бизни ҳайдаб чиқармоқчи бўлиб келдилар. Исроилликлар Миср еридан чиқиб, уларнинг ёнидан ўтаётганларида, уларнинг еридан ўтишга Сен ижозат бермаган эдинг, шу боис бизнинг оталаримиз шу ерни четлаб ўтиб, уларни қириб ташламадилар. Энди, мана, улар Сенинг ворислик эгалигингдан бизларни ҳайдаб чиқармоқчилар. Бизнинг Тангримиз! Уларни ҳукм этгил. Зеро устимизга ёпирилиб келган кўпчиликка қарши кучимиз йўқдир, ва биз нима қилишимизни билмаймиз; аммо бизнинг кўзларимиз Сенга тикилган!” (2 Воқ. 20:3-12).Пп 140.4

    “Бизнинг кўзларимиз Сенга тикилган”, - дейишга Йўшафатнинг эътиқоди тўла-тўкис эди. У ўзи кўп йиллар давомида халқни ўргатганида, ўтган даврларда Ўз умматини қолдирмай, хатарлардан қутқарган Аллоҳу Таолога таянишга ундар эди. Энди эса, салтанати хавфли ҳолатга тушганида, у ягона ўзигина эмас, балки “бутун Яҳудия, эрлари, хотин, ўғиллари, ҳатто кичкинтойлари Худованд юзи олдида туришарди” (2 Воқ. 20: 13).Пп 141.1

    Биргалашиб улар рўза тутардилар ва ибодат қилишарди, азалдан Бўлганнинг исми шарафлансин учун улар биргаликда, душманлари мағлуб бўлишига Худовандга ёлворишарди:Пп 141.2

    “Ё Аллоҳ, индамай турмагин,
    Жим бўлма, сукутда қолма, эй Тангрим!
    Maнa Сенинг душманларинг тўполон қилмоқда,
    Худобезорлар бош кўтармоқдалар.
    Сенинг халқингга суиқасд қилмоқдалар,
    Ўз ҳимоянгга олганларингга қарши
    Муғом бирона кенгаш ўтказмоқдалар.
    “Юринглар, уларни миллат сифатида йўқ қилайлик,
    Исроил номи бошқа эсга олинмасин!” — деяптилар.
    Улар бир жон, бир дил бўлиб,
    Сенга қарши иттифоқ туздилар.
    Maнa Эдўм ва Исмоил чодирлари,
    Бани- Мўов ва ҳажрийлар,
    Жабал, Аммон ва Омолеқ, ўғиллари...
    Сен Қишўн дарасида мидёнликларни...
    тўнтарган эдинг, энди худди шундай
    уларни тўнтариб юборгин!...
    Улар абадий шармандаю саросима бўлсин,
    Расвои жаҳон бўлсинлар, йўқолсинлар! Билсинларки, Сенинг исминг — Худованд,
    Бутун дунёда энг олий ёлгиз Сенсан ” (Заб. 82).
    Пп 141.3

    Бутун халқ подшоҳ билан биргаликда Аллоҳ олдида қалбини камтар қилиб, Ундан ёрдам сўраганларида, Илоҳий Руҳ “Ўсоф ўғилларидан левий Яҳазиил устига тушди” ва у деди: “Барча яҳудийлар, Қуддус аҳолиси ва Йўшафат подшоҳ тингланг! Худованд сизларга шундай дейди: ушбу улкан кўпчиликдан қўрқманглар ва ваҳимага тушманглар, зеро сизлар урушингиз эмас - Аллоҳникидир. Эртага уларга қарши чиқасизлар: мана, улар Сис баландлигига силжимоқдалар, сиз-чи уларни увайданинг чегарасида Яруил чўли ёнида топасизлар. Бу сафар сиз курашмайсиз; сизларга Худованд юбораётган нажотга фақат қараб туринглар. Яҳудо ва Қуддус! қўрқманг ва ваҳимага тушманг. Эртага сиз уларга пешвоз чиқасизлар, ва Худованд сизлар билан бўлур.Пп 142.1

    Ва Йўшафат тиз чўкиб ергача эгилди, ва барча яҳудийлар ҳамда Қуддус аҳолиси, Худовандга сажда қилиш учун, Худованд олдида юз тубан тушдилар. Ва Қўраҳ ўғилларидан, ҳамда Қаҳот ўғилларидан левийлар туриб, Исроил Парвардигори, Худованд шаънига овозларини баланд чиқариб ҳамду санолар айтдилар.”Пп 142.2

    Эрта тонгда улар кўтарилиб Пеқой биёбони томон йўл олдилар ва, жангга киришмоқчи бўлганларида, Йўшафат уларга деди: “Яҳудийлар ва Қуддус аҳолиси, мени тингланг! Худовандга, Парвардигорингизга ишонинг ва маҳкам туринг; Унинг пайғамбарларига ишонинг ва муваффақиятга эришасизлар. Ва подшоҳ халқ билан маслаҳатлашди, ва Худованд шаънига куйлайдиганларни қўйди, токи улар муқаддасликнинг эҳтиромлигида Худованд шаънига чиқишлари учун” (2 Воқ. 20:14-21). Ушбу ашулачилар лашкар олдида, Худованд ваъда берган ғалабаси ҳақи баланд овоз ила Уни олқишлаб боришарди.Пп 142.3

    Душманга қарши чиқишар экан, уларнинг фақат ягона йўли — олға юриб, ҳамду санолар орқали Худовандни олқишлаш, Исроил Парвардигорини улуғлаш эди. Ушбу уларнинг ҳарбий чиқиши бўлди. Ушбу муқаддасликнинг эҳтиромлиги бўлди. Ҳозирги замонда инсонлар Аллоҳни улуғлаганларида эди, уларнинг жасорати, имони ва умиди нақадар каттароқ бўларди. Бизнинг замонда ҳақиқат учун курашаётган жасур аскарларни наҳотки мустаҳкамламасмиди?Пп 142.4

    “Яҳудия устига келган Аммонийлар, Мўовийлар ва Сеъир тоғининг истиқоматчилари орасида Худованд норозилик уйғотди: зеро Аммонийлар ва Мўовийлар Сеъир тоғининг истиқоматчиларига қарши кўтарилдилар, уларни урдилар ва мавҳ этдилар; Сеъир аҳолисини қириб ташлагач, бир-бирига ёпирилдилар ва бир-бирини ўлдира бошладилар.Пп 143.1

    Яҳудийлар биёбонга яқинлашиб, тепаликка чиққанларида, ўша кўпчиликка назар ташласалар-ки, мана — ер юзи жасадларга тўлган, тирик қолгани йўқдир” (2 Воқ. 20:22-24).Пп 143.2

    Ўша мушкул пайтда Аллоҳ Яҳудо учун куч-қудрат бўлди; бизнинг замонда ҳам У Ўз халқининг куч-қудратидир. Биз ушбу дунёнинг кучлиларига таянмайлик ёки уларни Аллоҳ ўрнига қўймайлик. Эсимизда бўлсин: инсонлар гуноҳ қилишлари ва адашишлари мумкин, аммо фақат У куч- қудратга эга, ва бизларни мудофаа қиладиган мустаҳкам қалъамиздир. Ҳаётимизнинг ҳар қандай шароитида У бизлар учун курашмоқда — шуни эсимиздан чиқармайлик. Унинг имкониятлари чексиз, ва бизга ечиб бўлмайдиган бўлиб кўринган ҳаммаси, ғалабамизни янада порлоқ қилади.Пп 143.3

    “Қутқаргин бизни, ё Аллоҳ, бизнинг Нажоткоримиз
    Бизларни йиғгин, ва душмандан халос этгин,
    Сенинг муқаддас исмингни улуғлаймиз,
    Ва Сенинг шон-шуҳратинг ила мақтанамиз!” (1 Воқ. 16:35).
    Пп 143.4

    Бой ўлжа билан яҳудиялик лашкари қайтар экан, “шодиёна эди, чунки Худованд уларга душман устидан тантана қилишга имконият берди. Ва улар Қуддусга қайтдилар ва карнай, сурнай, чанг ва ғижжаклар тутиб Худованд маконига келдилар” (2 Воқ. 20:27, 28). Шодиёна бўлиш учун сабаби улкан эди. “Худованднинг халос этишига қараб туринглар... қўрқманглар ва ваҳимага тушманглар,” — дейилган сўзларга бўйсуниб, одамлар бутунлай Аллоҳга таваккал қилдилар, ва уларнинг Қалъаси ва Халоскори бўлишини У исботлади. Энди улар чин қалбдан Довуд саносини қуйлай олишарди:Пп 143.5

    “Aллоҳ бизнинг паноҳимиз ва қувватимиздир,
    Танг аҳволларимизда ҳамиша тайёр турган ёрдамчимиздир...
    У камонни синдириб, найзани парчалади,
    Жанг аробаларини ёқиб кулга айлантирди.
    Тўхтанг, билингки, Мен — Аллоҳман,
    Халқлар ичра номим баланд бўлгай,
    Ер юзи бўйлаб номим баланд бўлгай.
    Сарвари Коинот бизлар билан,
    Ёқуб Худоси қўрғонимиз бизнинг” (Заб. 45).

    Пп 144.1

    “Эй Аллоҳ, Сенинг номинг қанчалик улуғ!
    Шуҳратинг ернинг четларигача ёйилган,
    Унг қўлинг адолатли ишларга тўлиб-тошган.
    Сенинг ҳаққоний ҳукмларинг туфайли Сион тоғи севинсин,
    Яҳудо кизлари шод бўлсин...
    Ана ушбу Аллоҳ — бизнинг Аллоҳдир,
    Абадулабад бизнинг Худойимиздир,
    Ўлимдан нарига бошловчи Доҳиймиздир “. (Заб. 47:11, 12, 15).
    Пп 144.2

    Яҳудо подшоҳи ва лашкарининг эътиқоди туфайли “Исроил душманларига қарши Худованднинг Ўзи урушганини барча салтанатлар эшитганларида, Илоҳий қўрқув деган уларга мансуб бўлди, ва Йўшафат салтанати тинчланди; ва Аллоҳ ҳар томондан унга ором берди”. (2 Воқ. 20:29, 30).Пп 144.3

    Larger font
    Smaller font
    Copy
    Print
    Contents